Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева раислигида «Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат» мавзусида форум бўлиб ўтди. Унда дунёнинг кўплаб етакчиларининг рафиқалари иштирок этди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Форум Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва St.Jude номли болалар илмий-тадқиқот шифохонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Учрашувда деярли барча қитъалардан биринчи хонимлар, жумладан Туркия, Озарбайжон, Ангола, Вьетнам, Гватемала, Сербия ва бошқа давлатлар президентларининг рафиқалари иштирок этди.
Форум раҳбари сифатида Зироат Мирзиёева халқаро ҳамжамиятни саратон касаллигига чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини ошириш чораларини кўришга чақирди.
Асадовнинг таъкидлашича, жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун ўта долзарб бўлган муаммога бағишланган мазкур тадбир Ўзбекистон тарихида биринчи марта бундай юксак савияда ташкил этилди ва кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар эътиборини тортди.
Матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркка ташрифининг сўнгги кунида бир нечта учрашувлар ўтказди.
Жумладан, у ўз қароргоҳида АҚШ Конгресси аъзоси, Вакиллар палатасидаги «Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус» раиси Трент Келли ва Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор Бобби Жинни қабул қилди.
Томонлар ҳар икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар жадал ривожланаётгани, «Кокус» таркиби кенгаяётгани, Марказий Осиё республикаси ва Миссисипи ўртасидаги савдо-иқтисодий, гуманитар ва маданий алоқалар мустаҳкамланаётганини қайд этдилар. Музокаралар якунида Америка делегациясининг Тошкентга жавоб ташрифи тафсилотлари келишиб олинди.
Мирзиёев АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар, шунингдек, Америка университетларида таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси совриндорлари билан ҳам учрашди.
Давлат раҳбарининг суҳбатдошлари АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Масалан, мазкур таклифлар иқтисодиётнинг устувор тармоқларида янги технологияларни қўллаш, тиббиёт, транспорт ва логистика соҳаларида инновацияларни рағбатлантириш, мамлакатда маркетплейсларни ривожлантириш масалаларига бағишланди. Президент бу ташаббуслар тегишли вазирликлар томонидан кўриб чиқилиши, энг истиқболли ғоялар ҳаётга татбиқ этилишини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ватандошлар ва ёшлар ўртасида мулоқот майдонини яратишга қаратилган «Ватандошларнинг халқаро бизнес марафони»га старт берилди.
Ўзбекистон президенти АҚШда «Эл-юрт умиди» стипендиатлари сони 500 нафардан ошганига алоҳида эътибор қаратди. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибасини она юртда қўллаш учун имконият яратиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркка ташрифи якунланди ва президент рафиқаси билан Тошкентга жўнаб кетди.