Украина президенти Владимир Зеленский Қозоғистонда Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Украина раҳбари Fox News телеканали эфирида сўз юритди.
«Ҳаммамиз, барча жамоаларимиз Туркия, Саудия Арабистони, Қатар ҳамда Австрия ва Швейцария каби нейтрал Европада учрашув ўтказишни таклиф қилдик. <...> Агар хоҳласангиз, масалан, Қозоғистонда», — деди Зеленский.
Телебошловчининг аниқловчи саволига жавобан у Россия раҳбари билан учрашишга тайёр эканини тасдиқлади.
Шу билан бирга, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун РБК радиосига берган интервьюсида икки давлат раҳбарларининг тайёргарликсиз учрашуви «аниқроғи пиар-акция» экани ва у муваффақиятсизликка учрашини айтди.
«Путин [Зеленский билан] учрашишга тайёр эканини айтди. Бироқ, Путин томонлар «уй вазифаси»ни бажариб бўлгач, экспертлар даражасида тайёргарлик кўрилганидан сўнг учрашиш мантиқан тўғри бўлишига аниқлик киритди», — деди Песков.
Владимир Путин аввалроқ Москва Украина томони билан учрашув ўтказиш учун энг яхши жой эканини айтган эди. Шунингдек, у Украинада узоқ муддатли тинчлик бўйича келишувларга эришилса, Россия улар бажарилишини кафолатлашини таъкидлади. Ўшанда Зеленский Россия президенти таклифини рад этди ва бунга жавобан уни Киевга таклиф қилди.
Икки давлат раҳбарлари учрашувини Қозоғистонда ўтказиш ғояси сўнгги бир неча йил ичида вақти-вақти билан кўтарилиб келинмоқда. Бу ҳақда собиқ Ташқи ишлар вазири Мухтор Тилеуберди ва бошқалар гапирган. Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ҳам шундай учрашув ташкил этишни таклиф қилганди. Яқинда мазкур мавзуни Мажилис (Қозоғистон парламенти қуйи палатаси) депутати, парламентнинг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Айдос Сарим яна бир бор кўтарди.