Тўқаев БМТни Каспий денгизини қутқариб қолиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БМТ минбаридан давлатларни Каспий денгизини сақлаб қолиш бўйича ҳамкорлик қилишга чақирди, деб хабар беради Оқўрда.

«Каспий денгизи шиддат билан саёзлашмоқда. Бу энди шунчаки минтақавий муаммо эмас, бу глобал хавотир сигналидир, — деди Тўқаев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясининг умумий сиёсат муҳокамаси чоғида. —Шунинг учун биз минтақадаги ҳамкорларимиз ва бутун халқаро ҳамжамият билан биргаликда Каспий сув ресурсларини сақлаб қолиш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирамиз».

Тўқаевга кўра, Қозоғистон Орол фожиасидан сабоқ чиқарган. «Изчил саъй-ҳаракатларимиз, жумладан, халқаро миқёсдаги уринишларимиз туфайли биз денгизнинг шимолий қисмини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик», — деб эслатди у.

Қозоғистон раҳбари, шунингдек, ўтган йил инсоният тарихидаги энг иссиқ йил бўлганини таъкидлади. «Айни пайтда Марказий Осиёда ўртача глобал кўрсаткичдан икки баравар тез исиш кузатилмоқда. Алатау тоғларида музликлар эриши тезлашмоқда, бу миллионлаб одамларнинг сув ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидларни сезиларли даражада оширмоқда», — деб таъкидлади у.

Тўқаев сўнгги пайтларда халқаро форумларда мунтазам равишда Каспий денгизи муаммосига мурожаат қилиб келади. Қозоғистон раҳбари 1 сентябрь куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида сўзлаган нутқида денгизнинг саёзлашуви «экологик фалокатга яқинлашаётганини» таъкидлади.

Шу муносабат билан Тўқаев Остонада ШҲТ шафелигида Сув таҳлили марказини ташкил этишни таклиф қилди. Қозоғистон президенти 2026 йил апрель ойида Остонада БМТ билан ҳамкорликда минтақавий экологик саммит ўтказиш тўғрисидаги қарорини ҳам маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ