Afghanistan International маълумотларига кўра, толиблар* АҚШ президенти Дональд Трамп «Баграм» ҳаво базасини Вашингтонга қайтаришни талаб қилганидан сўнг ўз ҳокимиятини ҳимоя қилиш учун худкушлик ҳужумларини қайта бошлашга тайёр эканликлари ҳақида огоҳлантирди.
Трамп бу ҳақда 19 сентябрь куни Лондонга ташрифи чоғида баёнот берганди. Эртаси куни у Кобул рад жавобини берса, Вашингтон куч ишлатишни истисно қилмаслигини тасдиқлади.
«Агар Афғонистон Баграм авиабазасини қурганларга, яъни Америка Қўшма Штатларига қайтариб бермаса, ёмон нарсалар содир бўлади!!!»,— деб ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
Ўша куни «Толибон»* назоратидаги телеканал кўпинча «худкушлик ҳужумлари меъмори» деб аталмиш гуруҳнинг разведка бўйича бошлиғи ўринбосари Тожмир Жаваднинг баёноти акс этган аудиороликни эфирга узатди. Жавад толиблар ҳокимиятга келиш учун худкушлик ҳужумларидан фойдаланганини ва назоратни сақлаб қолиш учун яна бу усулдан фойдаланишга тайёрлигини билдирди. У «Толибон»нинг омон қолиши учун ўзини «бўлак-бўлак» қилиб қурбон қилишга ваъда берди ва рақибларини «кофир ва босқинчилар» деб атади. Жавод Трампни тўғридан-тўғри тилга олмади, бироқ унинг сўзлари АҚШ президентининг изоҳларига яширин жавоб сифатида қабул қилинди.
“Толибон” раҳбарияти ўз баёнотида Вашингтонни “реалист ва оқилона” бўлишга чақириб, куч ишлатилган пайтда жанжал кучайиши хавфига шама қилган.
«Эслатиб ўтамиз, Доҳа келишувига кўра, Қўшма Штатлар «Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатмаслик ёки таҳдид қилмаслик ёки унинг ички ишларига аралашмаслик» мажбуриятларини олган. Шунинг учун улар ўз мажбуриятларига содиқ қолишлари шарт», — дейилади баёнотда.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Зокир Жалол мамлакат халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, бироқ АҚШнинг ҳар қандай ҳарбий иштироки истисно этилишини ва бу Кобул томонидан қабул қилинмаслигини айтган.
ℹ️ Баграм авиабазаси — Афғонистондаги ҳарбий аэродром, Баграм шаҳри яқинида жойлашган. У 1950 йиллари Совет Иттифоқи томонидан қурилган. 1979-1989 йиллари Афғонистондаги уруш пайтида у Совет қўшинлари учун асосий базага айланган. 2001 йили Баграм АҚШ назорати остига ўтади ва америкаликлар 2021 йил июлида хорижий қўшинлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши чоғида ҳаво базасини тарк этишади ва бу толибларнинг ҳокимият тепасига келиши билан якунланади. Трамп ҳаво базасини қайтариб олиш истагини Баграмдан 500 мил узоқликда жойлашган «Хитой ядро қуролини ишлаб чиқарадиган жойларни»ни кузатиш зарурати билан изоҳлаган.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.