Евроосиё тараққиёт банки Қирғизистондаги ГЭС қурилиши лойиҳасига қўшилди

ЕТБ матбуот хизмати фотосурати

Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) ва Туркиянинг Orta Asya Investment Holding компанияси Қирғизистонда ГЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда халқаро молия институти матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар Суусамир-Кокомерен ГЭС каскади лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини биргаликда тайёрлашга келишиб олдилар. ЕТБ ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишни молиялаштиради.

Таъкидланишича, Orta Asya Investment Holding Қирғизистонда иккита йирик ГЭС мажмуасини — юқорида айтиб ўтилган мажмуага қўшимча равишда Қозарман ГЭС каскадини қуриш ниятида. Лойиҳалар компания ва Марказий Осиё республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида тузилган инвестиция шартномаси асосида амалга оширилмоқда. Уларнинг амалга оширилиши ҳам мамлакат, ҳам бутун минтақа учун муҳим стратегик, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга, дея қайд этди ЕТБ.

Банк маълумотларига кўра, ушбу лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган жами сармоя ҳажми 6 миллиард доллардан ошади. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, янги объектлар қурилиши Қирғизистон энергетика тизимининг ўрнатилган қувватини 50 фоиздан кўпроққа оширади. Бу мамлакатнинг ўсиб бораётган ички талабини қондиришни таъминлайди, шунингдек, ресурслар экспортини кўпайтириш учун имкониятлар яратади.

ЕТБ турк холдингининг Қирғизистондаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаган биринчи халқаро молия институтларидан бири бўлгани таъкидланди. Бундан ташқари, Суусамир-Кокомерен ГЭС каскади лойиҳаси Евроосиё тараққиёт банкининг «Марказий Осиё сув-энергетика мажмуаси» сармоявий дастурининг бир қисмидир.

Orta Asya Investment Holding компанияси ва Қирғизистон Энергетика вазирлиги ўртасида инвестиция шартномаси имзолангани жорий йилнинг август ойида эълон қилинган эди. Ўшанда турк компанияси лойиҳага 10 миллиард доллар сармоя киритишга тайёрлиги аниқланган эди. Ишбилармонлар ГЭС қурилишидан ташқари, Марказий Осиё республикасида бир қатор ижтимоий ташаббусларни амалга ошириш, жумладан, етим болаларга ёрдам бериш, тиббиёт муассасаси очиш, энергетика соҳасида мутахассислар тайёрлашни режалаштирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ