Ўзбекистонда арзон бензиндан воз кечиш инфляциянинг кучайишига олиб келади

repost.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил охирига қадар инфляция ўсиши прогнозини яна ёмонлаштирди — 8 фоиздан 8,7 фоизгача. Кўрсаткич ўзгаришига АИ-80 русумли арзон бензин сотуви тўхтатилгани таъсир кўрсатган. Бу фактни Марказий банк раиси Тимур Ишметов тан олди, деб ёзади Spot.uz.

Унинг сўзларига кўра, инфляцион рисклар қатор товарлар, жумладан, бензин билан боғлиқ. Бу омил ўрта муддатли истиқболда истеъмол нархларининг умумий ўсишига таъсир қилади ва бу прогнозни тузишда ҳисобга олинган.

Кўрсаткич ўзгаришига ташқи омиллар ҳам таъсир қилгани қайд этилди. Масалан, Ўзбекистоннинг фаол савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши.

Шу билан бирга, молия регулятори раҳбари йил бошидан буён инфляция пасайганини, бироқ бу кўрсаткич кутилганидан паст бўлганини таъкидлади. Ва тенденцияни қўллаб-қувватлаш учун Марказий банк базавий ставкани йиллик 14% даражасида ушлаб турган.

«Бир томондан, ҳозирча уни ошириш учун асослар йўқ, чунки биз инфляциянинг янада секинлашишини кутяпмиз. Бошқа томондан, суръатни пасайтириш учун ҳам шартлар йўқ, чунки ижобий ўзгаришлар кечикмоқда», — дея изоҳ берди Ишметов.

Унинг қўшимча қилишича, Марказий банк бир неча йил аввал қўйилган мақсаддан — инфляцияни 5 фоизгача пасайтиришдан воз кечмаяпти. Бироқ, бу мақсадга фақат 2027 йил охиригача эришиш мумкин бўлади, деди регулятор раҳбари.

ℹ️ Ўзбекистонда 2020 йил расмийлар инфляцияни мақсадлилаштиришга ўтишни эълон қилган эди. Марказий банк 2023 йилга бориб 5 фоизга етишни мақсад қилиб қўйган. Шундан сўнг бу муддат бир неча бор кўчирилди.

ℹ️ 2 сентябрь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ АИ-80 бензинини биржа савдолари орқали сотиш тўхтатилганини маълум қилди. Компаниянинг тушунтиришича, бундай қарор «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш ва экологик тоза ёқилғига ўтиш бўйича давлат дастури доирасида қабул қилинган. Ички бозорда ўсиб бораётган талабни қоплаш мақсадида электрон савдога қўйилган АИ-92 бензини ҳажми оширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Хитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида

  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган