Марказий Осиё давлатлари Исроилнинг Қатар пойтахтига берган ракета зарбасини қоралади

RIA.RU сайти фотосурати

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукумати Исроил томонидан 9 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳадаги турар-жой ҳудудига уюштирилган ракета зарбасини қоралади.

Ўзбекистон бу зарбаларни «Қатар давлатининг суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз, деб билади», дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

«Бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланади. Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига ва Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада кескинлаштирадиган қадамларга изчил равишда қарши эканини билдиради», — дея таъкидлайди ТИВ.

«Бу ҳаракатлар қандай мақсадларни қўзлашидан қатъи назар, уларни қабул қилиб бўлмайди, чунки улар Қатар давлатининг суверен ҳуқуқларини очиқдан-очиқ бузмоқда ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига зиддир», — дейди Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев матбуот хизмати.

«Ушбу ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва БМТ Низомини бузади, шунингдек, Қатар давлатининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига путур етказади», — дейилади Қирғизистон президенти Садир Жапаров матбуот хизмати баёнотида.

ℹ️ 9 сентябрь куни тушдан кейин Исроил Ҳамас билан тинчлик музокаралари олиб борилаётган Доҳага ҳаво ҳужуми уюштирди. Операция «Ёнғин чўққиси» деб номланган. Унинг амалга оширилишига бир кун аввал Қуддусга кираверишда содир бўлган, икки террорчи томонидан отишма натижасида олти киши ҳалок бўлган теракт сабаб бўлган. Ҳужум учун масъулиятни ҲАМАС ўз зиммасига олган.

«Ёнғин чўққиси» операциясида 15 та қирувчи самолёт қатнашган, улар бир неча сония оралиғида нишонга ўндан ортиқ бомба ташлаган.

Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) ва Бош хавфсизлик хизмати (ШАБАК) қўшма баёнотида таъкидланишича, зарба кўп йиллар давомида «террорчилик ташкилоти операцияларига раҳбарлик қилган, 7 октабрдаги шафқатсиз қирғин учун тўғридан-тўғри жавобгарликни ўз зиммасига олган, шунингдек, Исроил давлатига қарши урушни уюштирган ва олиб борган» ХАМАС раҳбарияти аъзоларига қаратилган. ЦАХАЛнинг таъкидлашича, зарбадан олдин тинч аҳолига етказиладиган зарарни минималлаштириш, жумладан, аниқ ўқ-дорилардан фойдаланиш ва қўшимча разведка маълумотларини тўплаш чоралари кўрилган.

Al Arabiya хабарига кўра, зарба қурбонлари ҲАМАС ҳаракатининг Ғазо секторидаги етакчиси Халил ал-Ҳая, Хамаснинг хориждаги ваколатхонаси раҳбари Холид Мешаал ва ҳаракатнинг Ғарбий Соҳилдаги ячейкаси қўмондони Заҳир Жабарин бўлган. Бироқ, кейинроқ Al Hadath телеканали Хамас баёнотини келтирган, унда ташкилот раҳбариятининг ўлдирилгани инкор этилади. Баёнотда айтилишича, ҳаракат етакчилари тирик қолган, бироқ делегациянинг бошқа бир қанча аъзолари, жумладан ал-Ҳаянинг ўғли Ҳаммам ҳам ўлган. Қатар Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳаво ҳужуми оқибатида ички хавфсизлик кучларининг бир ходими ҳалок бўлган, унинг бир неча ҳамкасблари яраланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ