Қозоғистон Афғонистонда икки йил ичида темир йўл қуришни режалаштирмоқда

railways.kz сайти фотосурати

Қозоғистон яқин икки йил ичида Афғонистонда Турғунди – Ҳирот темир йўлини қуришни режалаштирган. Бу ҳақда 9 сентябрь куни ҳукумат йиғилишида Транспорт вазири ўринбосари Мақсат Калиакпаров маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.

Маршрут узунлиги 120 километрни ташкил қилади. «Бугунги кунда молиялаштириш тузилмаси ишлаб чиқилди, инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», —-деди Калиакпаров ва лойиҳа 2026-227 йиллари амалга оширилиши кўзда тутилганини қўшимча қилди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу йўл Афғонистонга Покистон ва Ҳиндистон бозорларига чиқиш истиқболи билан товарларни экспорт қилиш ва транзит қилиш имконини беради. Аввалроқ Қозоғистон Ҳиротда ушбу лойиҳани илгари суриш билан шуғулланадиган транспорт-логистика компаниясини ташкил этиш ниятида экани хабар қилинган эди.

Қозоғистон ҳукумати темир йўл қурилишига қанча сармоя киритилишини ҳозирча айтмаган, бироқ Афғонистон ҳукумати ўтган йил баҳорида Остона лойиҳага 500 миллион доллар сармоя киритишга тайёр эканини маълум қилганди. Шунингдек, Қозоғистон темир йўл бўйлаб оптик толали кабел ётқизишни режалаштираётгани маълум қилинди. Бу транспорт йўлаги бўйлаб рақамли инфратузилмани ривожлантиришни, коммуникацияларни, поездлар хавфсизлигини, жумладан, уларни бошқаришни таъминлайди ва келгусида аҳоли пунктларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш имкониятларини очади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ