Ўзбекистон ҳукумати 12 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Ражабовнинг сўзларига кўра, ўн икки йиллик тизимга ўтиш деярли 100 фоиз болаларни қамраб олган мактаб таълими тузилмасига тайёргарлик гуруҳларини бирлаштириш орқали босқичма-босқич амалга оширилади. Ислоҳотдан кўзланган мақсад миллий таълим тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиришдан иборат.
«Яъни мана шу тизимни ҳам мактаб таълимига қўшиб туриб, 12 йиллик таълимга ўтиш бўйича топшириқ берилди», — деди у.
Унинг таъкидлашича, янги қоида мактаб битирувчилари малакасини ошириш ва абитуриентларнинг хорижий олий ўқув юртларига кириши учун тўсиқларни бартараф этиши керак.
«Бугунги кунда хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кираётганда, бизнинг ўқувчиларимиз бир йиллик тайёргарлик курсларини (foundation courses), яъни бошланғич тайёргарлик бўйича ўқишга мажбур бўлишяпти ва бу бизнинг фарзандларимиз бир йил йўқотишига олиб келяпти. Агарда биз 12 йиллик таълимни қонунчиликка киритадиган бўлсак, бунда ўқувчилар бир қатор давлатларда foundation курсларини ўқишга мажбур бўлишмайди ва тўғридан-тўғри бакалавр даражасига кириб ўқиш имконияти яратилади», — деди вазир ўринбосари.
«Газеты.uz» нинг ёзишича, президентнинг тегишли фармони аллақачон тайёр. Ундаги тушунтириш хатида 11 йиллик модел халқаро таълим стандартларига жавоб бермаслиги айтилган. Хусусан, ҳар йили 15 мингга яқин Ўзбекистондан хориждаги битирувчилар қўшимча тайёргарлик курсларида ўқишга мажбур бўлмоқда. Қиёсий таҳлил шуни кўрсатдики, PISA-2022 тадқиқотида етакчи ўринларни эгаллаган мамлакатларнинг 85 фоизида таълим 12 йил давом этади.
Амалда мавжуд бўлган 6 ёшли болалар учун бир йиллик мактабга тайёрлов даври бошланғич таълим таркибига ўтказилади. Бунинг учун 3666 та мактаб ҳамда 1013 та давлат мактабгача таълим ташкилотида янги тартибдаги мактабга тайёрлов ташкил этилади. Бошланғич таълим мутахассисларини тайёрлаш дастурлари мактабга тайёрлов мазмуни билан бойитилади.
Ислоҳот «Таълим тўғрисида»ги ва «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Мактаб таълимининг янги тузилмаси қуйидагича кўринишга эга бўлади:
▪️ бир йиллик тайёргарлик босқичи;
▪️ тўрт йиллик бошланғич мактаб;
▪️ беш йиллик асосий умумий ўрта таълим (5-9-синфлар);
▪️ икки йиллик умумий ўрта таълим (мактаб, академик лицей, ҳарбий мактаблар, техникумлар)
Бунинг натижасида Ўзбекистонда таълим босқичлари ЮНЕСКОнинг (ISCED-2011) халқаро даражаси билан мувофиқлаштирилади.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2009 йилгача Ўзбекистонда 11 йиллик мактаб бўлган. Сўнгра 9+3 формуласи бўйича 12 йиллик таълим модели жорий этилди, бунда охирги уч йил коллеж ва лицейларда ўқилади. Бироқ, 2018 йили ҳукумат бу схемадан воз кечди ва аввалги ислоҳотни самарасиз деб тан олди ва 11 йиллик таълимга қайтди.