Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республикада икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўтиш учун парламент ислоҳотини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у Қозоғистон халқига йиллик мурожаатида айтиб ўтди.
«Бугун мен яқин келажакда мамлакатимизда бир палатали парламент яратиш таклифини киритаман. Дарҳол огоҳлантирмоқчиманки, бу жуда жиддий масала, уни ҳал қилишда шошқалоқлик қилиш мутлақо ўринсиз. Бу ислоҳот фуқаролик секторида, экспертлар ҳамжамиятида, албатта, жорий парламентда ҳам атрофлича муҳокама қилинадиган мавзу бўлиши керак. Ўйланманки, муҳокамалар камида бир йил вақт олиши мумкин, шундан сўнг 2027 йили умумхалқ референдуми ўтказилиши, кейин эса Конституцияга зарур ўзгартиришлар киритилиши мумкин», — дея президент сўзларини келтиради Оқўрда.
Унинг фикрича, ислоҳот маъқулланса, бундай парламентга партия рўйхати билан сайланиши керак.
Қозоғистонда ҳозирда аралаш сайлов тизими амал қилмоқда: Мажилис (парламент қуйи палатаси) депутатлари партия рўйхати ва бир мандатли сайлов округлари орқали сайланади. Сенат (юқори палата) депутатлари қисман президент томонидан сайланади ва қисман тайинланади.
Тўқаевнинг эслатишича, униг ўзи авваллари Сенат раиси бўлган (агар ислоҳот маъқулланса, у қичқартирилади – таҳр. изоҳи) ва унга бундай ўзгаришлар ҳақида гапириш осон эмас. «Сенат Қозоғистон парламентининг олий палатаси сифатида 1995 йили давлат асосларини яратишнинг машаққатли йўлини эндигина бошлаган мамлакатимизда анча оғир, беқарор сиёсий шароитда ташкил этилган. Ўтган ўттиз йил давомида Сенат давлат қурилиши барқарорлигини таъминлашдек муҳим тарихий миссияни шарафли ва самарали бажарди», — деди у.
Ҳозирда Сенат спикери президентдан кейинги иккинчи шахс бўлиб, давлат раҳбари ўз ваколатларини амалга ошира олмаса, вазифалар парламент юқори палатаси раҳбарига ўтади. 2019 йили президент Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан сўнг давлат раҳбарининг ваколатлари шу тариқа Тўқаевга ўтганди. Ҳозирда Сенат раиси Маулен Ашимбаев ҳисобланади.