Ўзбекистонда бундан буён ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларига оид маълумотнома талаб қилмайди. Поликлиникалар ушбу маълумотни онлайн ахборот платформалари орқали автоматик равишда ФҲДЁ бўлимига юборадилар. Бу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев раислигида адлия тизимида давлат хизматлари кўрсатиш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ислоҳот ҳарбий хизматчиларга ҳам таъсир қилади. Хусусан, мудофаа идораларига яшаш жойини ўзгартириш тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш тақиқланади. ФҲДЁ бўлимларида бўлгани каби, бундай маълумотлар давлат органлари ўртасида интеграцияланган онлайн хизматлар орқали тақдим этилади. Умуман олганда, фуқаролар томонидан 30 турдаги ҳужжат топширишни бекор қилиш режалаштирилган.
Йиғилишда таъкидланишича, адлия тизимида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, ҳудудларда 202 та Давлат хизматлари маркази қурилди. Бугунги кунда 500 дан ортиқ давлат хизматлари “бир дарча” тамойили асосида кўрсатилмоқда. Илгари соатлаб, кунлаб кутилган маълумотлар ҳозир 5-10 дақиқада олиняпти.
Лекин бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Давлат идоралари ўртасида электрон ҳамкорлик етарли эмаслиги бюрократик тўсиқларга сабаб бўлмоқда. 200 дан ортиқ давлат хизмати ҳамон эскича усулда кўрсатиляпти.
Бу амалдорларни ислоҳотларни фаолроқ бошлашга ундади. Президентга маълум қилиндики, келгуси уч йилда давлат хизматлари 900 тага етказилади. Йилига 80 та хизмат “3 қадам” тамойили асосида соддалаштирилади. Аҳоли гавжум жойлар ва олис маҳаллаларда 1 минг 100 та интерактив киоск ўрнатилади.
Бугунги кунда нотариуслар одамларга 80 дан ортиқ турдаги хизмат кўрсатяпти. Лекин онлайн хизматлар улуши жуда кам – 11 фоиз. Давлат раҳбари рақамлаштириш орқали фуқароларга қулайликларни ошириш зарурлигини таъкидлади. 2025-2027 йилларда босқичма-босқич 20 та нотариал ҳаракат онлайн расмийлаштиришга ўтказилиши белгиланди. Шунингдек, нотариал хизматлар кўрсатишда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини талаб қилиш бекор қилиниб, буни FACE-ID орқали аниқлаш тартиби йўлга қўйилади.
Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида 64 турдаги экспертиза хизматлари ўтказиляпти. Лекин ҳудудларда бунинг ярми ҳам йўқ. Шунинг учун экспертиза бўйича янгича ёндашув қилиш, ҳудудий экспертиза марказларининг моддий-техник базасини яхшилаш, бу орқали улардаги экспертиза турларини қўшимча равишда 15 тадан 25 тагача кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Экспертизанинг янги турларини жорий этишда рақамли технологиялардан, инсон омили йўқ дастурлардан кенг фойдаланилади. Суриштирув, тергов органлари ва экспертиза муассасалари ўртасидаги ҳужжатлар алмашинуви тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Автоҳалокат жойини 3D моделлаштириш, видеотехника ва фототехника экспертизаси каби янги хизматлар татбиқ этилади. Президент нодавлат суд-тиббиёт экспертизаси фаолиятини кенгайтириш, жисмоний шахсларга бундай амалиётни алоҳида бюролар шаклида ўтказиш имконини бериш ғоясини ҳам қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, республикада Ўзбекистон суд экспертлари палатаси ташкил этилади.
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида «Ақлли тарғибот» тизими ва AdliyaTV интернет-платформаси ишга туширилади, унда мутахассислар қонунчиликдаги жиҳатларни содда ва тушунарли тилда шарҳлайди.
Вазирлик ва идоралар ҳузуридаги органларга идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқи берилади. Бундай ҳужжатларни қабул қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади, муддатлар эса икки баробарга қисқартирилади.
Таъкидланишича, Мирзиёев йиғилишда билдирилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан фармон ва қарорларни имзолаган.