Афғонистон шарқида содир бўлган зилзила қурбонлари сони 2205 кишига етди. Табиий офат зонасида жойлашган вилоятларнинг камида 3640 нафар аҳолиси жабрланган. Янгиланган маълумотни «Толибон»* ҳаракатининг расмий вакили ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фетратга таянган ҳолда Ariananews.af нашри келтирди.
Расмийга кўра, ҳалокатдан энг кўп зарар кўрган Нургал, Мозор Дара, Чапа Дара ва Маноги каби ҳудудларда қутқарув ишлари давом этмоқда. Унинг қўшимча қилишича, вайроналар остидан юзлаб жасадлар чиқарилган. Бироқ тирик қолганларни қидириш операцияси ҳалигача тўхтатилмаган. У тугаллангандан кейингина расмийлар зилзилалар натижасида етказилган зарарни ҳисоблаб чиқади.
Айни дамда вайрон бўлган аҳоли пунктлари яқинида бир неча жойларда фавқулодда вазият чодирлари ўрнатилган. Кўчирилган оилаларга дори-дармон, озиқ-овқат, қурилиш материаллари етказиб берилмоқда.
Афғонистон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, сўнгги уч кун ичида ҳаво кучлари 2000 дан ортиқ одамни эвакуация қилган ва фалокат ҳудудига 23 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами етказган. Ҳаммаси бўлиб, вертолёт учувчилари белгиланган вақт ичида 185 та парвозни амалга оширишган. Мудофаа вазирлиги армиянинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, шахсий таркиб ҳар қандай шароитда ҳам одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва жабрланганларга ёрдам етказиш учун тинимсиз меҳнат қилишда давом этаётганини таъкидлади.
ToloNews нашри қурбонлар сонининг кўплиги уйларнинг ўзига хослиги билан боғлиқлигини тушунтираётган экспертлар фикрига таянади. Олис тоғли ҳудудларда уйлар одатда лой ва тошлардан, яъни зилзилага чидамли бўлмаган материаллардан қурилади. Шунинг учун, ҳатто кучсиз зилзилада ҳам бинолар деярли бутунлай вайрон бўлади.
Муаммо айниқса Афғонистон учун долзарбдир, чунки Ҳинд тектоник плиталари мамлакатнинг жанубида, жануби-шарқи ва шарқида жойлашган бўлиб, уларнинг бирлашиши кучли силкинишларни келтириб чиқаради. Умуман олганда, мамлакат сейсмик фаоллик бўйича дунёда 12-ўринни эгаллайди.
Reuters маълумотларига кўра, сўнгги 30 йил ичида 5,0 ва ундан юқори магнитудали камида 355 зилзила содир бўлган. Ушбу табиий офатлар оқибатида минглаб афғонлар ҳалок бўлган. Шу муносабат билан экспертлар Толибон ҳукуматини хавфли ҳудудларда яшовчи аҳолини ҳимоя қилиш дастурларини ишлаб чиқишга чақирди.
1 сентябрь куни қайд этилган зилзилалардан сўнг кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар Афғонистонни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Мисол учун, БМТ жабрланганларни вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш учун 5 миллион доллар ажратди. Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар ҳам ёрдам кўрсатди. Австралия ва Европа Иттифоқи яқинда ушбу рўйхатга қўшилди.
ℹ️ 1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистон шарқида 6,0 магнитудали зилзила содир бўлди. Дастлаб зилзила оқибатида камида 250 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Аммо оммавий ахборот воситаларининг аниқлик киритишича, баъзи қишлоқлар «ер билан яксон бўлган» ва қурбонлар сони ортиши мумкин. Ўша куни кечқурун афғон расмийлари 800 дан ортиқ аҳоли ўлганини тасдиқлади. 2 сентябрь ҳолатига кўра, табиий офат қурбонлари сони 1100 кишидан ошди, икки кундан сўнг эса 2200 дан ортиқ фуқаролар вафот этгани маълум бўлди.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.