«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензинининг улгуржи савдоси тўхтатилганини маълум қилди

uza.uz сайти фотосурати

2025 йил 2 сентябрдан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» АЖ АИ-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Қарор «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт» йилига мувофиқ амалга ошириш доирасида қабул қилинган. Сентябрь ойидан биржа платформаларида фақат юқори октанли АИ-92 бензини сотила бошланди.

Корхона ички бозорда ортиб бораётган талабни қоплаш мақсадида электрон савдога қўйилган АИ-92 бензини ҳажмини 1000 тоннадан 1720 тоннага оширди. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда етказиб беришни янада кенгайтириши мумкин.

Тадбиркорлар томонидан август ойида харид қилинган АИ-80 русумли бензин мажбурият ва омбор қолдиқларига мувофиқ сентябрь ойида уларга етказиб берилади.

ℹ️ 2024 йил январь ойида Экология вазирлиги пойтахт ҳавосининг ифлосланишини камайтириш мақсадида АИ-80 бензинидан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилган эди. Ўша ой охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан бошлаб ушбу турдаги ёқилғидан бутунлай воз кечиш бўйича чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича топшириқ берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ