Россия мулозимлари Тожикистонда саноат зонаси барпо этиш режасини маълум қилди

eurasiatoday.ru сайти фотосурати

Россия 2026 йили Тожикистонда саноат зонасини қуришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, биринчи резидентлар ушбу саноат майдончасида келгуси йилдаёқ ишлай бошлашлари мумкин, деди Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлигининг ташқи савдода халқаро ҳамкорлик ва лицензиялаш бошқармаси бошлиғи Дмитрий Кусков, дея мулозим сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.

«Биз аллақачон компаниялар билан ҳамкорлик қилишга ва уларга мос инфратузилмани яратишга тайёрмиз», — деди вазирлик вакили.

Ахборот агентлигининг ёзишича, россиялик мутахассислар томонидан Марказий Осиё республикаси ҳудудида саноат парки ташкил этиш бўйича ҳукуматлараро келишув жорий йил март ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Москвага ташрифи чоғида имзоланган. Ўшанда томонлар ушбу майдонда енгил ва кимё саноати, машинасозлик корхоналарини жойлаштириш масаласини муҳокама қилганлар.

Тожикистоннинг «Азия-Плюс» нашри қўшимча қилишича, Душанбеда Россия саноат зонасини қуриш ғояси 2023 йил апрелида Россия ҳукумати делегацияси республикага ташриф буюрганида билдирилган. Хусусан, мазкур ташаббус саноат вазири Денис Мантуров томонидан қўллаб-қувватланган ва «Химград» компанияси лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирган.

Кейинроқ Россия расмийлари саноат парки учун жой аллақачон танланганини маълум қилишган — объект Тожикистон пойтахти марказида жойлашади. Таъкидланишича, лойиҳачилар биринчи навбатда ишлаб чиқариш бинолари ва модернизацияга яроқли инфратузилмалари сақланиб қолган эски заводларни кўриб чиқишган.

Жорий йил июль ойида матбуотда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги томонидан 9,3 гектар майдонга эга собиқ «Коргохи машинасози» корхонаси ҳудудида ушбу объектни яратиш бошлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Машинасозлик ва станоксозлик, енгил саноат, кимё саноати, тиббиёт ва электртехника асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш устувор йўналишлар бўлиши ҳақида маълумот берилди. Саноат зонасининг афзаллиги ривожланган транспорт қулайлиги, марказлаштирилган инфратузилма ва меҳнат ресурслари мавжудлиги билан изоҳланади.

Тожикистон матбуотига кўра, бугунги кунда мамлакатда бир нечта саноат парклари, жумладан, Душанбе ва Хўжанд, шунингдек, бешта эркин иқтисодий зоналар мавжуд. Янги лойиҳа амалдаги тизимни тўлдириш ва Россия-Тожикистон бизнес ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшимча туртки бериш учун мўлжалланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ