Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиёти юксак даражада ўсганини қайд этди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси прогнозини эълон қилди, унга кўра жорий йили республика иқтисодиёти ҳажми 130 миллиард доллардан ошади. Давлат раҳбари илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаганини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан турли соҳа вакилларига мукофотларни топшириш маросимида айтиб ўтди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Республика раҳбари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги саккиз йил ичида ялпи ички маҳсулот барқарор ўсиб борди, бугунги кунда у 115 миллиард долларга етди. Бундай натижалар тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, замонавий саноат мажмуаларини барпо этиш, «яшил» ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланадиган энергия манбалари, ITсоҳаси, туризм ва молиявий хизматларни ривожлантириш эвазига эришилди.

Қурилиш соҳаси ривожланмоқда. Масалан, саккиз йил ичида 500 минг хонадондан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилди, бу мустақилликнинг дастлабки 25 йилидагидан тўрт баробар кўпдир. Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, қишлоқлар ва йўлларни ободонлаштириш учун бюджетдан 60 триллион сўм (5 миллиард долларга яқин) йўналтирилди. Илгари улар фақат давлат буюртмаси билан қурилган бўлса, ҳозир хусусий корхоналар фаоллашди – бундай корхоналар сони 30 мингдан ошди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 6 миллиард долларга яқинлашмоқда. Ўтган йили 23 миллиард долларлик, яъни 2016 йилга нисбатан тўрт баробар кўп иш бажарилди. Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланди, деди республика раҳбари.

Шу билан бирга, 155 миллиард долларлик инвестициялар ҳисобидан 100 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. 7 миллиондан зиёд аҳоли даромадли бўлди.

«Бундай улкан тарихий ютуқларимиз – ўз вақтида чуқур ўйлаб олиб борган кенг кўламли ислоҳотларимиз, энг муҳими, одамларимизнинг тафаккури, дунёқараши ўзгаргани самараси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. <…> Асосийси, қайси соҳада бўлмасин, ҳар бир ютуқ ва натижа, аввало, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда», – деди Президент.

Мирзиёев ижтимоий жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтди. Бу соҳага аввалгидан анча кўп маблағ ажратилаётганини таъкидлади. Сўнгги саккиз йилда ижтимоий инфратузилмага олдинги йилларга нисбатан олти карра кўп маблағ йўналтирилди. Натижада боғча ўринлари 720 мингдан 2,5 миллионга етказилди. 466 та янги мактаб қурилиб, 1 миллионга яқин ўқувчи ўрни яратилди. Талабалар сони 279 мингдан 1,5 миллион нафарга оширилиб, олий таълимда қамров 40 фоизга олиб чиқилди.

Президент иқтисодий ютуқлар ҳақида гапирар экан, бундан 10 йил аввал Ўзбекистон асосан хорижга хомашё етказиб берганини эслатди. Бугунги кунда саноат маҳсулотлари экспорти ҳажми 2016 йилдаги 28 миллиард доллардан 62 миллиард долларгача ўсди.

Бизнес вакиллари, давлат раҳбари таъкидлаганидек, иқтисодиётнинг ҳақиқий таянчига айланди. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, электротехника, машинасозлик, фармацевтика соҳаларида улкан ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.

Хизмат кўрсатиш соҳасига катта эътибор берилмоқда. Шундай қилиб, илгари туризм экспорти 500 миллион долларга етмаган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан ошди. 1 миллиард долларлик IТ-маҳсулотларни хорижга етказиб бериш ҳақиқатга айланди. Қолаверса, соҳага янги билимлар, замонавий технологиялар кириб келаётгани туфайли минглаб иш ўринлари яратилмоқда, юқори малакали мутахассислар армияси тайёрланмоқда.

«Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади инсонга эътибор, унинг қадрини, меҳнатини улуғлаш, олижаноб халқимизнинг иззат-ҳурматини жойига қўйишдан иборат», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ