Толиблар* Афғонистонни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегияни маъқуллади, у бошқарув, хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларида келгуси йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасидан иборат. Бу ҳақда Кобулдаги матбуот анжуманида радикал ҳаракат вакили Забиулла Мужоҳид маълум қилди, деб ёзади Amu.tv.
Спикернинг қўшимча қилишича, ҳукумат томонидан тасдиқланган ҳужжат барча давлат институтларини «Толибон» назорати остида бирлаштиришга қаратилган бўлиб, стратегиянинг ўзи мамлакат ички ресурслари ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Стратегия учта асосий йўналиш бўйича тузилган:
✅ бошқарув ва халқаро алоқалар;
✅ хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш;
✅ иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш.
Келгуси беш йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва энергетика, транспорт ва коммуникациялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби 10 та асосий соҳа белгиланган.
Ҳужжатда 15 та устувор дастур мавжуд. Хусусан, шариат қонунларига риоя қилишни таъминлаш, давлат секторини ислоҳ қилиш, шаффофлик ва масъулиятни таъминлаш, жамоат тартибини ва чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти институтларини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, таълим тизимини кенгайтириш, телекоммуникация ва ахборот технологияларини ривожлантириш кабилар шулар жумласидандир.
Стратегиядан мақсад бутун Афғонистоннинг мутаносиб ривожланишини таъминлаш ва «Толибон» вазирликлари ва идоралари фаолиятини янада мувофиқлаштириш, дея хулоса қилади Мужоҳид.
Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, радикал ҳаракат вакили стратегияда қизларнинг мактабларга боришига рухсат бериш ниятлари йўқлиги ҳақида изоҳ бермаган ва бу мавзуни «иккинчи даражали масала» деб атаган. Шу билан бирга, унинг айтишича, беш йиллик ҳаракатлар режаси кенгроқ миллий масалаларга қаратилган.
Мужоҳид, шунингдек, толиблар конституцияни ишлаб чиқишни давлат бошқарувининг муҳим элементи деб биладими, деган саволга аниқ жавоб беришдан бош тортган.
Афғонистонни ривожлантириш стратегиясига бағишланган тадбирда Бош вазир ўринбосари мулла Абдул Ғани Барадар Охунд сўзга чиқиб, ушбу ҳужжат ислом тамойиллари, илмий стандартлар ва давлатда шаклланган шарт-шароитлар асосида ишлаб чиқилганини таъкидлаган.
Сиёсатчи барча мансабдор шахсларни дастурларни ишлаб чиқиш, устувор йўналишларни белгилаш, харажатларни баҳолаш ва стратегиянинг амалга оширилишини назорат қилиш турли идоралар ўртасида доимий яқин ҳамкорликни талаб қилувчи умумий масъулият эканини тан олишга чақирди.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.