Олмаотанинг «Қайрат» футбол клуби УEФА Чемпионлар лигаси плей-офф босқичининг жавоб ўйинида Шотландиянинг «Селтик» клубини пенальтилар сериясида мағлуб этди ва ўз тарихида илк бор Европанинг асосий клуб турнири гуруҳ босқичида иштирок этади.
Глазгода бўлиб ўтган биринчи ўйинда «Қайрат» ва «Селтик» 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Бироқ, Олмаотадаги жавоб ўйини олдидан шотландлар фаворит ҳисобланишда давом этарди, боз устига қозоғистонликлар сариқ карточкалари кўп бўлган тўпурар Дастан Сатпаевсиз қолиб кетганди, шунингдек, асосий дарвозабон Александр Заруцкий ва ҳимоячи Луис Матани жароҳатлар туфайли ўйинда иштирок этишолмасди.
Шунга қарамай, Олмаотадаги учрашув шотландларнинг тўпга эгалик қилишдаги устунлигига қарамай, тахминан тенг бўлди. Мезбонларни бир неча бор Заруцкий ўрнига майдонга тушган дарвозабон Темирлан Анарбеков қутқариб қолди. Учрашувнинг асосий вақти 0:0 ҳисобида якунланди. Қўшимча вақтда ҳеч бир жамоа гол ура олмади. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида асосий қаҳрамон Анарбеков бўлди ва у учта зарбани қайтарди ва жамоасига ғалаба келтирди.
Гуруҳ босқичига чиққани учун «Қайрат» 20 миллион евро олиши кафолатланган.
«Қайрат» учун Чемпионлар лигасининг асосий тўрдаги иштироки тарихда биринчи, Қозоғистон клублари учун иккинчиси бўлади. Бундан 10 йил аввал, 2015/2016 йилги мавсумда «Астана» биринчи ва яқин вақтгача Қозоғистоннинг бу босқичга етиб келган ягона клуби бўлганди.
28 август куни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.