Йоахим Лёв футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришдан бош тортди

Йоахим Лёв. Bild сайти фотосурати

Германиялик футбол мураббийи Йоахим Лёв Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришдан бош тортди. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Лёв билан музокаралар Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси кўмагида олиб борилган. Аммо масала Республика футбол ассосиасияси раҳбарияти билан боғланишгача етиб бормаган.

«Лёв бир неча кун давомида бу вазифани ўз зиммасига олишни жиддий ўйлаб кўрди. Лекин охир-оқибат у дўстона бош тортишга қарор қилди», — деб ёзади Bild.

Июль ойи ўрталарида Лёвга маҳаллий мутахассис Тимур Кападзе ўрнига футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқариш таклиф қилингани маълум бўлди. Маълумки, Кападзе раҳбарлигида жамоа жаҳон чемпионати саралашининг тўртта ҳал қилувчи ўйинини ўтказди ва ўз тарихидаги илк турнир йўлланмасини қўлга киритди. Мухлисларнинг фикрлари иккига бўлинди. Айрим футбол ишқибозлари Кападзега имконият беришга чақиришса, бошқалари жамоа бошқарувида машҳур хорижликни кўришни исташди.

«Фарғона» хабарига кўра, Лёв мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳақида реал тасаввур ҳосил қилиш мақсадида ўзбек ва Марказий Осиё футболи ҳақиқатларидан хабардор мутахассислар билан бир қатор учрашувлар ўтказган.

Йоахим Лёв Германия терма жамоаси билан 2014 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанди ва ФИФА томонидан дунёнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган. Мутахассис 2021 йилнинг март ойида жамоани тарк этган ва шундан бери мураббийлик тажрибасига эга эмас.