«Қайрат» футбол клуби УEФА Чемпионлар лигаси 3-саралаш босқичи жавоб ўйинида Словакиянинг «Слован» клубини пенальтилар сериясида мағлуб этди ва турнирнинг плей-офф босқичига йўл олди.
«Қайрат» ўз уйида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жавоб ўйинида асосий мақсад устунликни сақлаб қолиш бўлган. Бироқ, улар буни уддалай олишмади: 30-дақиқадаёқ Роберт Мак тўпни Александр Зарутский дарвозасига йўллади. Бу словакларнинг қўлидан келган бор нарсаси эди. Асосий вақт Қозоғистондаги каби 1:0 ҳисобида якунлангани учун ўйин аввалига қўшимча вақтда, кейин эса пенальтилар сериясида давом этди ва бунда «Қайрат» футболчилари аниқроқ ҳаракат қилишди – 4:3.
Олмаоталиклар тарихда илк бор йўл олган сўнгги саралаш босқичида Шотландиянинг амалдаги чемпиони Глазгонинг «Селтик» жамоаси билан тўқнаш келади. Бу ўйинда ғолиб чиққан жамоа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўл олади, мағлуб бўлган эса Европа Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этади.
Биринчи плей-офф ўйини 20 август куни Глазгода, жавоб ўйини 26 август куни Олмаота шаҳрида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 14 август куни «Астана» УEФА Конференция лигасининг 3-саралаш босқичи доирасида ўз майдонида Швейцариянинг «Лозанна» жамоасига қарши жавоб ўйинини ўтказади. Пойтахтликлар илк учрашувда 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришганди.