Ўзбекистонда 2025 йил бошидан буён 48 303 та аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари қайд этилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамовага йўллаган сўровида айтиб ўтган.
Расмий статистик маълумотларга кўра, энг кўп ҳодисалар Тошкент вилоятида – 9414 нафар, Бухоро вилоятида – 5612 нафар, Қашқадарёда – 5268 нафар ва Андижонда – 4808 нафар қайд этилган. 2025 йилнинг олти ойида 930 нафар аёлга нисбатан такроран эҳтиёт ордери қўлланилган.
Сенатор Қодирхонова ўз сўровида, амалдаги чора-тадбирлар ва қонунларга қарамай, мамлакатда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётганини таъкидлади (ўз навбатида, статистик маълумотларнинг кўпайишига ўзбек аёлларининг муаммони яшириш ўрнига, ёрдам учун тез-тез мурожаат қилаётгани катта таъсир кўрсатган деб тахмин қиламиз – «Фарҳона» изоҳи). Қодирхонова Оила ва хотин-қизлар қўмитасидан маҳаллаларда бундай ҳуқуқбузарликлар сабабларини аниқлаш, олдини олиш, бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда бу ҳолатга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида тушунтириш беришни сўради.
Август ойи бошида Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов жорий йилнинг олти ойида Ўзбекистонда оилавий зўравонлик ва жинсий зўравонлик учун 6 мингдан ортиқ шахс жавобгарликка тортилганини маълум қилган эди. Жумладан, 4952 нафар шахс 59-2-модда («Оилавий (маиший) зўравонлик») бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган, шундан 3200 нафари жаримага тортилган, 1752 нафари қамоққа олинган. Ушбу жиноятлар учун 231 нафар шахс судланган, шу жумладан, 65 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2025 йилнинг январидан июнига қадар 358 киши жинсий тегажоқлик учун жаримага тортилган, 628 нафари ҳибсга олинган; жами 986 нафар қоидабузар маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 99 нафар шахс шаъни ва қадр-қимматини туҳмат қилувчи маълумотларни ноқонуний ошкор қилгани учун (141-3-модда) судланган, шундан 24 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, биринчи олти ойда зўравонликдан жабр кўрган аёлларга нисбатан 41 мингдан ортиқ ҳимоя ордерлари берилган. «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 11 минг 914 нафар хотин-қизларга ёрдам кўрсатилган. 4006 нафар аёлга бирламчи ёрдам хоналарида ёрдам берилган. 512 нафар аёл ва 709 нафар бола реабилитация марказларига жойлаштирилиб, уларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатилган.