Турк компанияси Қирғизистонда иккита ГЭС қурилишига 10 миллиард доллар сармоя киритади

turkiyegazetesi.com.tr сайти фотосурати

Туркиянинг Ihlas Holding шўъба корхонаси Orta Asya Investment Holding компанияси Қирғизистон ҳукумати билан ушбу постсовет республикасида иккита гидроэлектр станция қуриш бўйича шартнома имзолади. Келишувга кўра, ушбу лойиҳага сармоя 10 миллиард долларни ташкил этади, деб ёзади Turkiye Gazetesi.

Гап мос равишда 912 мегаватт ва 1305 МВт қувватга эга «Казарман» ва «Кокомерен» ГЭСлари ҳақида бормоқда. Инвестор ва Қирғизистон Энергетика вазирлиги ўртасидаги келишувга кўра, объектлар нафақат қурилиши, балки турк компанияси томонидан 20 йил давомида фойдаланиши ҳам кўзда тутилган, шундан сўнг улар Марказий Осиё давлати мулкига ўтади. Бундан ташқари, холдинг станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини хорижий валютада тўловларни амалга ошириб, сотиб олишни кафолатлайди.

Қайд этилишича, йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга ўтган йил ноябрь ойида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Бишкекка ташрифи чоғида эришилган.

Шартномани имзолаш маросимида сўзга чиққан Қирғизистон Энергетика вазирлиги раҳбари Таалайбек Ибраев ўтган даврда унинг мамлакати катта энергия тақчиллигига учраганини, бироқ бу муаммолар Президент Садир Жапаров раҳбарлигида амалга оширилган инвестициялар ва ислоҳотлар туфайли бартараф этилганини таъкидлади. Вазир туркиялик ҳамкорлар билан ҳамкорликда ГЭС қуриш каби лойиҳалар республика учун мутлақо янги даврни очишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ihlas Holding директорлар кенгаши раиси Аҳмет Мужоҳид Эрен иккита ГЭС қурилиши Қирғизистоннинг энергетик мустақиллиги учун катта аҳамиятга эга эканлигини ва мамлакатни Марказий Осиёда иқтисодиётнинг ушбу секторида асосий иштирокчилардан бирига айлантириш истиқболини яратишини таъкидлади.

Туркия компанияси гидроэлектр станциялари қурилишига сармоя киритиш бўйича келишувдан ташқари, ижтимоий ташаббусларни амалга ошириш бўйича қатор мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олди. Шу тариқа холдинг беш йил давомида Қирғизистондаги минг нафар етим болага моддий ёрдам кўрсатиб, уларнинг ҳар бирига ойига 150 доллардан тўлаб беради. Томонлар, шунингдек, станцияларда ишлаб чиқарилган энергиянинг 1 фоизи яқин атрофдаги ҳудудлар аҳолиси эҳтиёжлари учун бепул ажратилишини назарда тутувчи бандни ҳам киритдилар. Пул кўринишида бу маблағ миқдори тахминан 3 миллион долларни ташкил қилади.

Бундан ташқари, шартнома муддати давомида Қирғизистон Энергетика вазирлиги ва бошқа давлат идоралари инфратузилмани модернизация қилиш ва энергетика соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича таълим дастурлари учун турклардан ҳар йили 3,2 миллион доллар олади.

Ihlas Holding, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳа учун ҳам маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Бу Марказий Осиё республикасида неонатология бўлими очилиши билан боғлиқ бўлиб, унинг учун инвестор 15 та инкубатор ва бошқа зарур жиҳозларни харид қилади, шунингдек, маҳаллий тиббиёт ходимларини тайёрлаш учун туркиялик мутахассисларни жалб қилади.