Ўзбекистонда нақд пулсиз тўловларни ривожлантириш орқали яширин иқтисодиётга қарши кураш олиб борилади

khovar.tj сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувларни жорий этиш орқали яширин иқтисодиётга қарши курашиш ниятида. Хусусан, бу электрон тўлов тизимини ривожлантириш, тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида солиқ маданиятини оширишга тааллуқлидир. Бундай чора-тадбирлар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, илгари маъмурий босим ва мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашуви кўплаб тадбиркорларнинг «сояга» ўтиб кетишига сабаб бўлган. Ҳозирда эса республикада бу ҳодисага қарши кураш сиёсати олиб борилмоқда. Шундай қилиб, кейинги йилларда солиқ юки камайтирилиб, қатор бюрократик тўсиқлар бартараф этилди: солиқ турлари сони 13 тадан 9 тага қисқартирилди, 100 дан ортиқ турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинди.

Натижада, яширин иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45-50 фоиздан ҳозирги 35 фоизгача камайди.

Аммо бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Қолаверса, ҳукумат вакиллари таъкидлаганидек, бунга қарши туришнинг энг самарали йўли янги технологияларни жорий этишдир. Масалан, Масалан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тўлиқ автоматлашган тўловга ўтказилгани натижасида, аслида, йўловчилар сони 30 фоизга кўп экани кўринган. Ёки рақамлаштирилган деҳқон ва буюм бозорларида тушум 2-3 карра ошаяпти.

Президент шуларни инобатга олиб, шу каби тизимларни яширин иқтисодиётнинг энг катта улушига эга бўлган тармоқлар: қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жорий этиш бўйича топшириқ берди. Мирзиёев лицензия бериш тартиби ва муддатларини қайта кўриб чиқиш, инсон омилини минималлаштириш, тегишли жараёнларни тўлиқ рақамли форматга ўтказиш вазифасини қўйди. Шунингдек, солиқ, банк, божхона, коммунал ва сертификатлаштириш соҳаларида коррупцияга барҳам бериш зарурлиги таъкидланди.

Яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг яна бир самарали воситаси – бу электрон тўловлар тизимини ривожлантириш бўлиб, бу айни пайтда истеъмолчилар ва тадбиркорларга қулайлик яратмоқда. Шу муносабат билан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш механизмини жорий этиш ва тўлов хизматларини кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, ёлғиз назоратни кучайтириш билан яширин иқтисодиётга чек қўйиб бўлмайди — аҳоли ва ишбилармонлар ўртасида солиқ маданиятини юксалтириш, ҳалол меҳнат қилаётганларни рағбатлантириш зарур. Президент мутасаддилар олдига ҳар бир соҳага индивидуал ёндашиш, ишбилармонларнинг қонун асосида иш юритиши учун қулай шарт-шароит яратиш вазифасини қўйди. Бу ерда солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш, тадбиркорликни қўшимча рағбатлантириш, меҳнат муносабатларини яхшилаш зарур.

Президентимиз солиқ маданияти бутун жамият ишига айланиши кераклигини, зеро халқ ҳамиша қадрлаган ҳалоллик фазилати пировард натижада барча соҳаларда файзу барака ва фаровонлик олиб келишини такидлади. Бу ғояларни фаол тарғиб қилиш муҳим, деди давлат раҳбари.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш мавзусини давом эттирган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида мамлакат корхоналарининг қарийб 22 фоизида одамлар маоишини «конвертда» иш ҳақи олаётганини айтди. Одамларни норасмий ишга жалб қилиш сабаблари орасида ишбилармонлар кам харажат, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатишнинг соддалаштирилган тартиби, мавсумий ишчиларни жалб қилиш имконияти ва солиқ мажбуриятларининг йўқлиги кабиларни қайд этишди. Шу билан бирга, экспертнинг сўзларига кўра, расмий иш билан банд бўлган фуқароларнинг маоши «сояда» ишлаётганларга қараганда ўртача 1,3 миллион сўмга (100 долларга яқин) юқори.