Қирғизистон президенти Садир Жапаров кўпхотинлиликни декриминаллаштириш тўғрисидаги қонунни эътирозлар билан Жогорку Кенешга (парламент) қайтарди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг эътирозлари Омбудсман, Бош прокуратура, Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлиги, Миллий фанлар академияси, Адлия вазирлиги ва Конституциявий суд аппарати хулосаларига асосланган.
Изоҳларда икки хотинлик ва кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарлик сақлаб қолиниши Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига, хусусан, Аёллар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларига мос келиши, шунингдек, гендер тенглиги ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқлигини намойиш этиши қайд этилган. Давлат идораларига кўра, бу аёллар ва болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий тенгсизликдан ҳимоя қилади, мамлакат Конституциясида муҳрлаб қўйилган оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ℹ️ Парламентнинг икки депутати – Нурланбек Азигалиев ва Медер Саккараев қонун ташаббуси билан чиқди. Улар Жиноят кодексининг икки хотинлик ёки кўпхотинлилик учун жавобгарликни назарда тутувчи 176-моддасини ўз кучини йўқотган деб топишни таклиф қилишди. Унда: юз соатдан уч юз соатгача жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 500 дан 1000 бараваригача ҳисоб миқдорида жарима (50 минг сомдан 100 минг сомгача, яъни 5 доллардан 5 минг долларгача $572 — $1144) кўзда тутилган.
Жогорку Кенеш қонунни 2025 йил 25 июнь куни уч ўқишда муҳокамасиз қабул қилди. Энг қизиғи, йиғилишда иштирок этган 16 нафар аёл депутатдан 14 нафари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, қолганлари овоз беришда қатнашмади.