Тергов давомида «Крокус»даги терактга тайёргарликнинг янги тафсилотлари аниқланди

news.ru сайти фотосурати

Тергов 2024 йил 22 март куни «Крокус Сити Холл» концерт залига ҳужум уюштирган террорчилик гуруҳи ташкилотчилари, шунингдек, уларнинг тайёргарлиги ва ҳаракатлари тафсилотларини аниқлади. Бу ҳақда тергов маълумотларига таяниб, ТАСС хабар берди.

Материалларда қайд этилишича, гуруҳ ташкилотчилари хорижда бўлган — булар Беков А. И. ва Ҳикматов А. М. Тергов маълумотларига кўра, улар Россиядаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Украинанинг олий сиёсий раҳбарияти манфаатларини кўзлаб иш тутган. Беков ва Ҳикматов 2023 йил 1 июндан бошлаб Россияда тақиқланган «Вилоят Хуросон» ташкилотига содиқликка қасам ичган гуруҳ аъзоларини терактлар содир этишга тайёрлаган.

Тергов шуни кўрсатадики, 2023 йил ноябридан 2024 йил мартига қадар ташкилотчилар Сайфулло ва Ахи тахаллуси остидаги номаълум шахслар орқали пул мукофоти эвазига «Крокус Сити Холл» концерт зали ҳужум нишони сифатида танланган. Беков ва Ҳикматов томонидан тузилган террорчилик ташкилоти таркибида оғир жиноятларни содир этишга қаратилган бир нечта тузилмавий ячейкалар мавжуд бўлган.

Тергов давомида аниқланишича, ҳужумни содир этган шахслар – Шамсиддин Фаридуни, Саидакрам Рачабализода, Далержон Мирзоев ва Муҳаммадсобир Файзов (ташкилотчи деб айтилган шахснинг укаси) Туркияда тайёргарликдан ўтган. Материалларда қайд этилишича, ташкилотчилар, раҳбарлар ва бевосита айбдорлар ўртасидаги алоқа Туркияда яшаётган, Покистон ва Афғонистондаги учрашувларни мувофиқлаштириш ва ташкил этиш учун масъул бўлган М.Файзов томонидан таъминланган. Туркиядаги ўқув машғулотлари ўқотар қурол билан муомала қилиш бўйича амалий кўникмаларни эгаллашни ўз ичига олган.

22 март куни ҳужумдан бир неча соат олдин Шамсидин Фаридуни концерт зали биносига разведка қилиш учун келган, бинонинг қўриқланиши ва унинг ҳимоя воситалари билан жиҳозланганини текширган. Кейин у шерикларига ҳужум режасини амалга ошириш имкониятини маълум қилган ва ўша куни кечқурун унинг шериклари воқеа жойига етиб келишган. Йўлда Мирзоев, Файзов ва Рачабализода қўрқув ҳиссини бостириш мақсадида таркибида мефедрон бўлган гиёҳвандлик моддасини қўллаганлиги суд-тиббиёт экспертизаси материаллари билан тасдиқланган. Уларнинг қонида бу модда аниқланган, Фаридунида эса препаратнинг излари бўлмаган. Унинг кўрсатмаларига кўра, у нафақат ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган, балки қилмишидан тавба қилган.

Жиноятчиларда 59 дона магазини билан (1381 ўқ) учта Калашников автомати, битта Макаров тўппончаси, тўртта пичоқ, бешта бензинли шиша, зажигалка ва фонарлар бўлган. Ҳужумдан сўнг бевосита жиноятчилардан тўрт нафари Украинага қочишга уринган, бироқ Брянск вилоятида қўлга олинган.

👉 Иш материалларида, шунингдек, гуруҳ аъзолари Умеджон Солиев, Шахромжон Гадоев ва Зубайдулло Исмоиловлар иштирок этган Каспийскдаги «Москва» кўнгилочар мажмуасида навбатдаги терактга тайёргарлик кўрилгани ҳақида ҳам маълумот ўрин олган. Бунинг учун қўлбола портловчи мослама тайёрланган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жиноятнинг олди олинган.

«Крокус сити холле»даги теракт учун қуроллар Доғистондан Москвага етказилган ва ҳужумни содир этган шахсларга топширилган. Терговда жами 19 кишининг иштироки аниқланган: уларнинг баъзилари бевосита жиноятчилар, бошқалари эса шериклардир. Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, бир фуқаро бедарак йўқолган, яна 609 киши жароҳатланган ва турли оғирликдаги жароҳатлар олган. Ҳужумдан етказилган жами зарар 6 миллиард рублга баҳоланмоқда.

19 нафар айбланувчи устидан суд жараёни 4 август куни ҳарбий судда бошланади, икки асосий ташкилотчи ва яна тўрт иштирокчига нисбатан тергов ишлари давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ