Тожик мигрантлари ўз юртида мактаб ва меҳмонхоналар қурилишига 56 млн доллар сармоя киритган

TJ.SPUTNIKNEWS.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Меҳнат мигрантлари ва хорижда истиқомат қилаётган Тожикистон фуқаролари ўз юртида 272 та ижтимоий объект, жумладан, мактаб, болалар боғчаси, спорт заллари, меҳмонхоналар ва бошқа муассасалар қурилишини молиялаштирган. Инвестиция қилинган маблағларнинг умумий ҳажми 536 миллион сомонидан (56 миллион доллар) ошган. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш қўмитаси раиси Шарифжон Жумазода матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради «Азия-плюс» нашри.

Жумазоданинг сўзларига кўра, ушбу объектлар Тожикистонни ривожлантиришда иштирок этиш учун хорижий ватандошларни жалб қилиш бўйича Концепцияни амалга ошириш доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларида қурилган. 2025 йили умумий қиймати 336 миллион сомонидан (35 миллион доллар) ортиқроқ маблағга яна 127 та объект қурилади. Уларнинг барчаси хориждаги ватандошлар томонидан молиялаштирилади.

«Хориждаги ватандошлар» тушунчасига айнан кимлар киради, деган саволга Жумазода бу гап меҳнат мигрантлари ҳам, ҳозирда бошқа давлат фуқаролари бўлган, лекин ўз ватани билан алоқада бўлган тожикистонлик одамларга тегишли эканини тушунтирди.

Сўнгги йилларда меҳнат мигрантлари кўпинча ўзи туғилиб ўсган аҳоли пунктларини ободонлаштириш билан шуғуллана бошлаганлар. Улар мустақил равишда маблағ йиғишни бошлайганлар, мактаблар қурадилар, йўлларни ётқизадилар, мавжуд инфратузилмани таъмирлайдилар – кўпинча маҳаллий ҳокимиятларнинг расмий иштирокисиз. Бироқ, фуқаролик фаоллари ва муҳожирлар ҳамжамиятлари вакиллари таъкидлаганидек, уларнинг ҳиссаси кўпинча сояда қолади ва расман тан олинмайди.

Муаммо 2023 йили ижтимоий тармоқларда миллий телевидение журналисти маҳаллий ҳокимият вакилидан уларнинг ҳисобидан қурилган бинолар ҳақида гапирганда «мигрантлар» сўзини тилга олмасликни сўраган видео тарқатилганида яққол намоён бўлган.

«Видеода мулозим мигрантларнинг исмларини санаб, «... муҳожирлар иштирокида...» дейди, бироқ тележурналист уни «мигрант» деманг, биродар! «Мигрант» деган сўзни умуман тилга олманг! У ушбу иборани «қишлоғининг асл ўғлони» сўзларига алмаштиришни маслаҳат беради», — деб ёзади «Азия-плюс».

Бу воқеа мамлакат иқтисодий барқарорлигининг энг муҳим омилларидан бири бўлган меҳнат мигрантларининг ҳиссасини эътироф этиш зарурлиги ҳақида жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, меҳнат муҳожирларининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 40-45 фоизни ташкил этади.

Тожикистонлик мигрантлар сони ва пул ўтказмалари ҳажми ҳақидаги расмий статистик маълумотлар эълон қилинмайди. Тожикистон Миллий банки ва бошқа идоралари 2010 йиллар бошида ички тартиб-қоидаларга асосланиб, пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни чоп этишни тўхтатган, гарчи амалдаги қонунчиликда бундай маълумотлар сир сақланиши кўзда тутилмаган.

ℹ️ Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йили Тожикистонга пул ўтказмалари оқими 5,8 миллиард долларни ташкил этган, бу бундан аввалги йилдаги кўрсаткичдан 27 фоизга кўп бўлган. Айни пайтда таҳлилчилар Тожикистонга пул ўтказмалари оқими сезиларли даражада камайишини тахмин қилишмоқда. Бунга меҳнат муҳожирлари сонининг камайгани, айниқса Россияда хорижликларнинг яшаш қоидалари кучайтирилаётгани сабаб бўлмоқда. Депортациялар ва мамлакатга кириш тақиқлари туфайли маблағлар оқими ЯИМнинг 2-3 фоизига камайиши мумкин.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди