Қирғизистонда устав капитали 5 миллиард сўм (57 миллион доллар) бўлган «Давлат молия холдинги» АЖ ташкил этилади. Тегишли қарорни Бош вазир Адилбек Қосималиев имзолади, деб хабар беради 24.kg нашри ҳукумат матбуот хизматига таяниб.
Давлат холдинги Қирғизистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Молия-кредит жамғармаси негизида ташкил этилади ва унинг ҳуқуқий вориси бўлади. Янги холдингнинг таъсисчиси ва ягона акциядори Молия вазирлиги бўлади.
Холдингнинг асосий вазифалари давлат молиявий активларини бошқариш, тўғридан-тўғри ва институционал инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, миллий ва давлат-хусусий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш билан боғлиқ. Давлат улушига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рентабеллиги ва самарадорлигини ошириш, иқтисодиётга сармоя киритиш учун ички ресурсларни сафарбар этиш мақсадлар қаторидан ўрин олган.
Қарорга кўра, Давлат молия холдингининг устав капитали номинал қиймати 1000 сом (11,4 доллар), жами 5 миллиард сом бўлган 5 миллион дона оддий номдаги акцияларни чиқариш йўли билан шакллантирилади.
Молия вазирлигига 2025 йил 1 ноябрга қадар капитални шакллантириш учун тегишли бюджет маблағларини ажратиш топширилди.
ℹ️ Давлат молия холдингининг ишга туширилишидан давлат молиявий ресурсларидан фойдаланишнинг шаффофлигини ошириш ва устувор тармоқларга инвестицияларни жалб қилиш тартибини соддалаштириш мақсад қилинган. Келгусида тузилма халқаро ҳамкорлар ва хусусий сектор иштирокчилари билан қўшма лойиҳалар учун очиқ бўлиши мумкин.