Тўқаев администрацияси Олмаотадаги «Баганашил» болалар уйини текшира бошлади

inform.kz сайти фотосурати

Тарбияланувчилари вилоятга кўчирилиши керак бўлган 1-«Баганашил» болалар уйи билан боғлиқ вазият юзасидан расмий текширув ўтказиш учун Қозоғистон президенти администрацияси комиссияси Олмаота шаҳрига етиб келди, деб хабар беради Kazinform.

Комиссия аъзолари тарбияланувчилар, муассаса раҳбарияти ва ходимлари, таълим тизими вакиллари билан учрашган.

Текширув доирасида Қосим-Жомарт Тўқаев администрацияси вакиллари Меҳрибонлик уйидаги яшаш ва таълим шароитлари билан танишган ва унга туташ инфратузилма биноларини кўздан кечирган. Ҳозирда кўчириш тўғрисидаги қарор билан боғлиқ ҳужжатларни йиғиш ва таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Текширув болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратилиб, имкон қадар қисқа вақт ичида якунланади, дейилади агентлик хабарида.

«Баганашил» меҳрибонлик уйи худди шу номдаги микрорайонда – Олмаота шаҳрининг элит ҳудудларидан бири, Ал-Фаробий проспектида жойлашган. Ҳудудининг умумий майдони икки гектарга яқин.

Бир кун аввал, расмийлар таъкидлашича, болалар уйи тарбияланувчиларини Олмаотадан Конаевга «ихтиёрий» кўчириш натижасида полицияга қўнғироқ бўлган ва жанжал келиб чиққан, натижада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари болаларга нисбатан куч ишлатишган. Муассасани жанубий пойтахтдан вилоятга кўчириш режалари баҳордаёқ хабар қилинган, бироқ муассасадаги бир қатор болалар бунга кескин қарши чиқишган.

Президент Тўқаев топшириғига кўра, болаларни бошқа жойга кўчириш бекор қилинган. Давлат раҳбари мазкур масала бўйича хизмат текшируви ўтказилишини талаб қилди, ҳозирда унинг администрацияси буи ш билан шуғулланмоқда.