Бишкек суди «Клооп» ходимларининг банк ҳисоб рақамларини блоклади

economist.kg сайти фотосурати

Бишкекнинг Первомайский туман суди «Клооп» нашрининг камида тўрт нафар ходими банк ҳисоб рақамларини блоклади. Бундан ташқари, бу қарор июль ойи бошида қабул қилинган, дея хабар беради ходимларига нисбатан санкция қўлланилган нашр.

Таъкидланишича, айни дамда ҳисоб рақамлар блоклангани ҳақидаги маълумотлар банкларнинг ўзидан олинган, журналистларда суд қарори йўқ. Оммавий ахборот воситаларининг тахминича, чекловлар Қирғизистон Давлат хавфсизлик миллий қўмитаси томонидан «Клооп»нинг амалдаги ва собиқ ходимларига нисбатан қўзғатилган оммавий тартибсизликларга чақириқлар бўйича жиноий иш билан боғлиқ.

Мазкур нашр таҳририяти бир неча йиллардан бери ҳокимият томонидан босим остида. Шу тариқа, республикада Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси талабига кўра ОАВ сайти блокланган ва суд лойиҳанинг юридик шахси – «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатди.

ℹ️ 28 май куни махсус хизмат «Клооп» оператори Александр Александров ва ушбу ОАВнинг собиқ ходими Жумарт Дуулатовни ҳибсга олган. 30 май куни суд мажлиси бўлиб ўтди, унда иш бўйича иккала айбланувчи ҳам икки ойга ҳибсга олинди.

Қўшимча қиламизки, юқорида қайд этилган фуқаролардан ташқари яна бир неча киши ҳибсга олинган, уларнинг кўпчилиги «Клооп»нинг собиқ ёки ҳозирги ходимларидир. Тез орада улар ҳеч қандай айбловларсиз, лекин ошкор қилмаслик тўғрисидаги тилхат билан озод қилинган.

Журналистларни ҳибсга олиш бошланганидан сўнг Қирғизистон президенти Администрацияси матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков ҳибсга олинган ОАВ вакиллари фаолиятини Болот Темиров молиялаштирганини маълум қилди. Темировнинг ўзи эса мулозимга зудлик билан жавоб қайтариб, унинг сўзларини «ёлғон» ва «ҳибсларни оқлашга уриниш» деб атади.

Тез орада республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вазиятга изоҳ берди. Қўмитага кўра, «Клооп Медиа» тугатилганига қарамай, ушбу тузилма вакиллари ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бундан ташқари, терговчиларнинг фикрига кўра, журналистларнинг фаолияти «оммавий тартибсизликларни янада уюштириш учун жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш мақсадида фуқаролар ўртасида норозиликни қўзғатишга» қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматини ҳибсга олинганларни зудлик билан озод қилишга ва ОАВ ходимларини таъқиб қилишни бас қилишга чақирган эди