Сўнгги ҳафталарда Туркманистонда интернетни кенг кўламли блокировка қилишнинг янги тўлқини қайд этилди. Turkmen.news манбаларига кўра, бу даврда ҳар бири 65 536 та IP-манзилни ўз ичига олувчи /16 ниқобли йирик қуйи тармоқлар «қора рўйхатлар»га киритилган. Бу ҳолат туркман фойдаланувчиларининг юз минглаб веб-саҳифаларга дарҳол кириш имкониятидан маҳрум қилган.
Экспертлар ва нашрнинг маҳаллий манбалари таъкидлашича, жорий цензура сиёсий мотивлар билан боғлиқ эмас: кўп йиллардан буён мамлакатда мустақил ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва мухолифат ресурслари блокланган. Янги кампания интернет ресурсларини тўсиб қўядиган киберхавфсизлик бўлими ходимларининг фуқароларга тақиқларни четлаб ўтувчи индивидуал OpenVPN калитларини (ойига 1000 манатдан, яъни 50 доллардан) ёки ойига 2000 долларга «оқ рўйхат»дан жойни сотиш билан боғлиқ «маркетинг стратегияси» бўлди.
Илгари тўсиқлар муайян воқеалар, масалан, «Туркментел» кўргазмаси ёки собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов онасининг ўлими билан боғлиқ бўлган. Энди эса цензура ташкилотчилари ўзларининг асл ниятларини яширишга ҳам уринмаяпти. Норасмий суҳбатларда улар ўзлари киритган чекловларни четлаб ўтиш учун рақобатчиларни йўқ қилишга ва фойдаланувчиларнинг пуллик хизматларга қарамлигини оширишга ҳаракат қилишаётганини очиқ тан олишади.
Turkmen.news журналистлари аввалроқ мамлакатда шахсий манфаат йўлида интернетни бошқараётган асосий шахслар – Мақсат Гелдиев, Алланазар Қулназаров, Дидар Сейидов номларини аниқлаган эди. «Улар ва уларнинг шериклари навбатдаги йўлтанламас машина ёки боласини университетга ўқишга киритиш учун пора йиғишаётган бир пайтда, мамлакат ҳар куни миллионлаб доллар йўқотмоқда – ахир, ЯИМ рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш даражасига бевосита боғлиқ», — деб ёзади нашр.