Жиноят ишлари бўйича Остона туманлараро суди давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланаётган Biz Birgemiz Qazaqstan 2030 хайрия фондининг собиқ раҳбари Перизат Қайратнинг суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказишга оид илтимосномасини қисман қаноатлантирди. Айбланувчиларни сўроқ қилиш ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади, деб ёзади Vlast.kz.
Судя Сабиржон Каримовнинг тушунтиришича, чеклов фақат судланувчиларни сўроқ қилишда қўлланилади, чунки бунда махфий маълумотлар ва банк сирлари ошкор этилиши мумкин. Қолган суд мажлислари очиқ ўтказилади. Улардан биринчиси бугун, 9 июль куни бўлиб ўтган бўлса, кейингиси 14 июлга белгиланган.
Перизат Кайрат — қозоғистонлик жамоат арбоби ва тадбиркор, 2021 йили ташкил этилган Biz Birgemiz Qazaqstan 2030 хайрия фонди асосчиси ва раҳбари сифатида танилган (тергов бошланганидан сўнг фонд тугатилган).
Қайрат ўтган йил кузида ҳибсга олинган эди. У Фаластин халқи ва қозоғистонлик тошқин қурбонлари учун йиғилган 1,7 миллиард тенге (3,4 миллион доллар)ни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, хайрия фонди раҳбари бу пулларнинг катта қисмини ҳашаматли товарлар ва кўчмас мулклар сотиб олишга, шунингдек, чет эл саёҳатларига сарфлаган. Декабрь ойида бу ишда Перизат Қайратнинг онаси Ғайни Алашбаева ҳам гумондор экани маълум бўлганди.