2024 йили Ўзбекистонда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, унда 2203 киши ҳалок бўлган, 9 мингга яқин фуқаро жароҳатланган. Йўл-транспорт ҳодисаларидан кўрилган зарар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,4 фоизини ташкил этган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбарининг аниқлик киритишича, ҳисобот даврида энг кўп йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қайд этилган. Бундан ташқари, Мирзиёевнинг сўзларига кўра, жорий йил январь-июнь ойларида 20 та туманда йўлларда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сони юқорилигича қолмоқда, бироқ баъзи жойларда вазият, аксинча, яхшиланган. Масалан, Оҳангарон, Нурафшон, Ширин ва Хонобод шаҳарларида йил бошидан буён ўлим билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кузатилмаган.
Бироқ, президент таъкидлаганидек, МДҲ давлатлари орасида ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган йўлларда ўлим ҳолатлари бўйича Ўзбекистон энг паст кўрсаткичга эга бўлиши хотиржамликка сабаб бўлмайди.
«Афсуски, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак», — деди давлат раҳбари.
Мирзиёев маҳаллий ҳокимият органлари йўл инфратузилмасига етарлича эътибор қаратмайдиган жойларда йўл-транспорт ҳодисаларининг салбий динамикаси кузатилаётганига эътибор қаратди. Мамлакат раҳбари ташаббуси билан ўтказилган ўрганишлар натижасида жиддий камчиликлар аниқланган. Жумладан, 1557 километр автомобил йўлларида бетон ва металл тўсиқлар йўқ, 967 километрида пиёдалар йўлаклари жиҳозланмаган, 38 мингта зарур йўл белгилари етишмаслиги қайд этилган.
Шу фактни инобатга олган ҳолда, республикада инфратузилмани яхшилаш ҳисобига бахтсиз ҳодисаларни камайтиришни назарда тутувчи «Хавфсиз йўл» миллий дастури ишга туширилиши эълон қилинди. Шу муносабат билан «Хавфсиз йўл» миллий дастури доирасида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, Ҳукумат бўйсунувига ўтказилади. Бу йил жамғармага барча манбалар ҳисобидан 400 миллиард сўм (31,5 миллион АҚШ доллари) тушиши прогноз қилинган. Бунга қўшимча, фото-видео радардан бюджетга тушадиган жариманинг 25 фоизи ҳам жамғарма ва унинг филиалларига йўналтирилади.
Бундан ташқари, жамғарма маблағлари биринчи навбатда хавфли ҳудудларни ободонлаштиришга йўналтирилади: тўсиқлар ўрнатиш, белгилар, ёритиш, пиёдалар йўлакларини белгилаш ва бошқалар.
Шу билан бирга, энг муаммоли участкаларни аҳоли ва жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида аниқлаш мақсадида алоҳида электрон портални ишга тушириш топширилди. Туман ҳокимлари, ички ишлар раҳбарлари ушбу порталга қаерга белги, чизиқ, пиёда йўлаги ва светофор кераклиги ҳақидаги маълумотни смета билан очиқ жойлаштиради. Бу ерда фуқаролар лойиҳаларга овоз беришлари, муаммоли йўналишлар бўйича ҳисобот беришлари, мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ўз фикрларини билдиришлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, президент ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳайдовчилар билан ўзаро муносабатига эътибор қаратди. У ўтган йили ҳайдовчилар томонидан 24 миллион қоидабузарлик содир этгани, уларнинг 81 фоизи жиддий эканлиги ҳақидаги маълумотларни келтирди. Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида бу ҳодиса сурункали тус олган.
Эндиликда йўлларда ҳайдовчилик маданиятини ошириш, ашаддий ҳуқуқбузарларга қонун кучини кўрсатиш мақсадида «Сурункали қоидабузарлар» дастури ишга туширилади. Қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди.
Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади.
Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлиги идораларида тартиб-интизом масаласини кўтарди. Унинг сўзларига кўра, жарималар йўл ҳаракати қоидалари бузилганидан кейин 7-8 ой ўтиб расмийлаштирилаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Эндиликда давлат раҳбари таъкидлаганидек, агар бир ой муддатда жарима белгиланмаса, ҳайдовчи жаримани тўламаслик ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига оид маданияти ва билимини ошириш мақсадида мактаб ўқувчилари ўртасида «Яшил чироқ» танлови қайта тикланади. Танлов ғолибларига президентнинг махсус совғалари топширилади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш бўйича кенг кўламли ахборот кампанияси йўлга қўйилади.
ℹ️ Қўшимча қиламиз, расмий маълумотларга кўра, 2023 йили Ўзбекистонда 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Унда 2282 киши ҳалок бўлган.