Жаҳон банки (ЖБ) Қирғизистон ҳукуматига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 101,5 миллион доллар миқдорида маблағ ажратди. Транзакция «Барқарор ва инклюзив ривожланиш сиёсатини биринчи молиялаштириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилди, деб хабар беради Марказий Осиё республикаси Молия вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, томонлар ўртасида тегишли келишув 8 июль куни тузилган. Ҳужжатни Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Хью Ридделл ва Қирғизистон Молия вазири Алмаз Бакетаев имзолаган.
Мамлакат ҳукумати вакили ўз нутқида нуфузли молия муассасасига асосий ислоҳотлар, инфратузилма ташаббусларини амалга оширишда доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани ва кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Бакетаев таъкидлашича, фуқароларнинг ҳаёт сифатини ошириш ва республиканинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашда Жаҳон банкининг ҳиссаси муҳим элемент ҳисобланади.
Қайд этилишича, мазкур шартноманинг имзоланиши Жаҳон банки ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди. Томонлар ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорликни янада ривожлантиришга ишонч билдирдилар, дея қўшимча қилади Молия вазирлиги матбуот хизмати.
ℹ️ Маълумки, Жаҳон банки Марказий Осиё давлатига иқтисодиётнинг муҳим соҳаларида, жумладан, энергетика соҳасида ёрдам кўрсатмоқда. Жорий йил июнь ойи бошида Қирғизистон ҳукумати раҳбари – Президент маъмурияти раҳбари Адилбек Қосималиев ва Жаҳон банки ижрочи директори Беатрис Мазер ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда ҳамкорликнинг турли жиҳатлари муҳокама қилинди. Хусусан, Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашнинг катта қисми якунлангани, мазкур иншоотнинг экологик ва ижтимоий муҳитга таъсирини баҳолаш ишлари олиб борилгани таъкидланди.