БМТ Бош Ассамблеяси толибларнинг Афғонистондаги сиёсатини кескин қораловчи резолюцияни маъқуллади

БМТ Бош ассамблеяси мажлислар зали. ria.ru сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Афғонистондаги вазият бўйича резолюцияни маъқуллади, унда мамлакатни бошқараётган «Толибон» радикал ҳаракати кескин танқид остига олинган. Тегишли овоз бериш 7 июль куни бўлиб ўтди, деб хабар беради Amu.tv.

ОАВ хабарларига кўра, толибларни қораловчи ҳужжатни 116 давлат қўллаб-қувватлаган, Бош Ассамблеянинг фақат икки аъзоси, жумладан АҚШ ҳам қарши овоз берган. Қайд этилишича, Осиё минтақасида нуфузга эга бўлган кўплаб давлатлар бетараф қолган. Хусусан, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон ҳам худди шундай позицияни эгаллаган. Нашр шу тарзда асосий ўйинчилар «геосиёсий эҳтиёткорлик» кўрсатишган, деб тахмин қилади.

Резолюция Германия, Ирландия ва Швеция томонидан тақдим этилган. Унда БМТ Хавфсизлик Кенгаши, ташкилот бош котиби директиваларидан олинган хулосалар, шунингдек, БМТнинг Афғонистон бўйича махсус маърузачисининг баҳолари келтирилган. Аслини олганда, ҳужжат муаллифлари «Толибон» ҳаракатининг қизларнинг таълим олиши, нодавлат ташкилотлардаги фаолияти, аёлларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чекловчи сиёсатини кескин қоралайди.Ҳукуматнинг бундай ҳаракатлари «шафқатсиз, кенг тарқалган ва тизимли» дея таърифланади.

Шу муносабат билан БМТ «Толибон»дан аёлларни зулм қилиш сиёсатини бекор қилишни талаб қилади, чунки уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки мамлакат тинчлиги, тараққиёти ва барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга.

Дарвоқе, резолюция халқаро молиявий донорларни Афғонистонга тез ва эркин ёрдам кўрсатишга чақиради, чунки миллионлаб фуқаролар, айниқса аёллар ва болалар ўта муҳтож аҳволда.

Мутахассислар, шунингдек, толиблар томонидан ОАВ ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан қўлланилаётган цензура ва зўравонликни қоралаб, Кобулни сўз эркинлиги ва ахборот олиш кафолатларига риоя қилишга чақиради. Шу билан бирга, БМТ радикал ҳаракатдан ноқонуний ҳибсга олиш ва суддан ташқари қатлларга алоқадор шахсларни жазолашни, шунингдек, халқаро гуманитар хизматлар ва дипломатлар хавфсизлигини таъминлашни талаб қилади.

Бундан ташқари, ҳужжат Афғонистон ҳукуматини тинч аҳоли ва озчилик жамоаларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли режани қабул қилишга чақиради.

Бош Ассамблея мамлакатда «Ислом давлати»*, «Ал-Қоида»* каби бир қатор террористик гуруҳлар ва бошқа экстремистлар мавжудлигидан хавотир билдирган.

Қарор муаллифлари метамфетамин ва афюн ишлаб чиқаришнинг ўсишига ҳам эътибор қаратишган. Бунда таркибида наркотик моддалар бўлган экинларни етиштиришни қатъий тақиқлаш ва аграр вилоятларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ўзгартириш кўрсатилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Афғонистоннинг барқарор келажаги барча ижтимоий гуруҳларни ифодалашга қодир инклюзив ҳукумат шаклланишига боғлиқ. Шу боис БМТ толибларни давлатлараро мулоқотни тиклашга ва радикал ҳаракатга кирмайдиган бошқа сиёсий кучлар вакиллари ва алоҳида фуқароларнинг мамлакат бошқарувида иштирокини кенгайтиришга чақиради.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ