Бурчмуллада 20 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилади

БУРЧМУЛЛА. EURASIA.TRAVEL САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Бурчмулла қишлоғида шамол электр станцияси қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

1 июль куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев қарорига кўра, бўлажак шамол электр станциясини жойлаштириш учун Энергетика вазирлигига 10 гектар ер майдони ажратилган. Дастлабки қиймати 28 миллион доллар бўлган лойиҳа грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Электр станциясининг қуввати 20 МВтни ташкил қилади.

Шамол станциясида йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 129,6 миллион кВт/соатни ташкил этиши кутилмоқда. Бу йилига 811 минг куб метргача табиий газ ёки 3 минг 150 тонна кўмирни тежаш имконини беради. Объект қулай жойлашуви туфайли юқори иқтисодий коэффициентга эга бўлади, дейди ҳокимлик.

Шу куни, 1 июлда Мирзаев 45 та участкада микро ва кичик ГЭС қурилишини маъқуллади. Майдонларнинг аксарияти табиий сув оқимлари, каналлар ва суғориш тизимларида жойлашган бўлиб, бу минимал молиявий харажатлар билан электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради.

Йирик энергия иншоотларидан фарқли ўлароқ микро ГЭСлар биринчи навбатда қишлоқ жойларини электр энергияси билан таъминлаш учун мўлжалланган. Уларнинг қурилиши жойларда янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Худди шундай гидротехник иншоотларни 248 та участкада қуриш режалаштирилган бўлиб, улар учун тегишли ерлар ажратилган. Июнь ойида ҳоким томонидан микро ГЭС қурилиши учун 66 та қўшимча майдон ажратилиши тасдиқланганди.

ℹ️ Бундан олдин, июнь ойида Жаҳон банки кичик гидроэнергетикани ривожлантириш ва Ўзбекистонда электр таъминоти барқарорлигини ошириш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш учун 150 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ