Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар билан учрашди. Қўшни давлатлар ўртасидаги шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган музокаралар Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммити доирасида бўлиб ўтди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Томонлар савдо айланмаси ва қўшма корхоналар сони барқарор ўсиб бораётганини қайд этдилар. Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, Кобул ва Мозори Шарифда Ўзбекистон савдо уйларининг очилиши, шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг қабул қилингани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси чегараолди савдо ва тегишли инфратузилмани янада ривожлантириш, қазиб чиқариш, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида, қурилиш материаллари тармоқларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари учрашувда стратегик муҳим минтақавий лойиҳа — Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Озарбайжон матбуотининг Афғонистон Бош вазири ўринбосари девонига таяниб хабар қилишича, Абдул Ғани Барадар Ўзбекистонга халқаро майдонда афғон муаммоси бўйича конструктив ва реал позицияси учун миннатдорлик билдирган. «Толибон» вакили яқин келажакда қўшни давлат билан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ниятини тасдиқлаган.
Шу билан бирга, у Мирзиёевдан Ўзбекистон ҳудуди орқали Марказий Осиё ва Россияга маҳсулот экспорт қилишда ёрдам беришни сўраган. Республика Президенти, ўз навбатида, тегишли идораларга алоҳида топшириқлар беришга ваъда берган ва логистика муаммоларини ҳал этиш, биринчи навбатда, Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга етказиб беришга ижобий таъсир кўрсатиши кераклигини таъкидлаган.
Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, 500 киловаттли электр узатиш линиясини кенгайтириш лойиҳаси якунлангач, Афғонистонга электр энергияси экспорти ҳажмини оширишга тайёрлигини маълум қилди.
Музокаралар якунлари бўйича Абдул Ғани Барадар ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида ҳукуматлараро ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ташкилот ҳар чоракда йиғилиб, ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини кузатиб боради ва мутасаддиларнинг бу борадаги ишлар сифатини баҳолайди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, ИҲТ саммити арафасида Мирзиёев озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев ҳамроҳлигида қатор маданий тадбирларда иштирок этган. Шу тариқа, давлат раҳбарлари Агдам шаҳридаги «Иморат» тарихий-меъморий мажмуасига ташриф буюрган, улар эътиборига Кавказорти республикаси Қорабоғ минтақасининг бой маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи «Зафар» тақдим этилди.
ℹ️ Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитига Озарбайжоннинг Ханкенди шаҳри мезбонлик қилди. Тадбирда ИҲТга аъзо давлатлар: Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари, шунингдек, Нигерия ва Шимолий Кипр Турк Республикаси вакиллари иштирок этади.
Саммит мавзуси — «Барқарор ва иқлимга чидамли келажак учун ИҲТга янгича нигоҳ».
Дарвоқе, шунга ўхшаш аввалги тадбир 2023 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган эди.