Иқтидорли спортчиларни саралаш мақсадида «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» мусобақаси йўлга қўйилади

sports24.kz сайти фотосурати

Иқтидорли спортчиларни энг қуйи бўғиндан бошлаб саралаш ва профессионал этиб тайёрлаш учун уч босқичли «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» мусобақаси йўлга қўйилади. Унинг финал босқичи ҳар йили Олимпия шаҳарчасида «Президент Олимпиадаси» сифатида ўтказилади. Мазкур ташаббус 1 июль куни республика раҳбари Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар қилади унинг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ушбу турнир нафақат битта Олимпиадага тайёргарлик, балки барқарор ва узоқ муддатли тизим элементи бўлади. Финал босқичининг ғолиб ва ​​совриндорлари Олимпия марказларида машғулотларга қабул қилинади.

Республика олимпия ва паралимпия марказининг фаолияти миллий терма жамоалар захирасини яратишга қаратилади. Унинг таъминоти 2026 йилдан бошлаб республика бюджетига ўтказилади. Марказ 8-11-синфлар учун мактаб, 1-2-курслар учун коллеж сифатида фаолият кўрсатади ҳамда қабул квотаси оширилади. 1-2-курс ўқувчиларига Спорт вазирлиги стипендияси берилади. Ўқув-машғулотлар ўтказиб бориш учун Олимпия шаҳарчаси иншоотлари марказга беғараз асосда бириктирилади.

Спортчилар захирасини кенгайтириш мақсадида хусусий спорт тўгараклари фаолиятини такомиллаштириш режалаштирилган. Уларга расмий мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқи берилади, юқори натижа кўрсатган жамоа вакиллари эса республика терма жамоалари сафига қўшилишлари мумкин бўлади.

Спортчи ва мураббийлар учун кўплаб рағбатлар ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, нуфузли мусобақалар ғолиб ва совриндорлари олий ҳарбий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри қабул қилинади. Маҳоратли спортчиларни бошланғич бўғинда етиштирган мураббийлар учун ҳам устаманинг муайян қисми тўлаб борилади.

Маълумки, 2024 йилда Парижда ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида ҳар икки йўналишда 13-ўринни эгаллаган эди. Шундай экан, эндиги вазифа Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган тўрт йилликнинг навбатдаги асосий ўйинларига сифатли тайёргарлик кўришдан иборат.

Шу муносабат билан устувор вазифалар белгилаб берилган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Буларга қуйидагилар киради:

✔️ спорт турларини устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларга ажратган ҳолда кучайтириш;

✔️ натижадор спорт турлари географиясини кенгайтириш;

✔️ иқтидорли ёшларни қуйи бўғиндан бошлаб шаффоф усулда саралаб олиш;

✔️ хорижий мамлакатлар тажрибасига асосланган миллий методика яратиш;

✔️ терма жамоалар учун аниқ мақсад ва натижадорликка йўналтирилган ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш;

✔️ халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Шунингдек, Ўзбекистон спортчиларини 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш дастури ва мақсадли кўрсаткичлар белгиланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ