Қирғизистон президенти Садир Жапаров 15 дан ортиқ эскирган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнини босувчи республиканинг янги Сув кодексини тасдиқлади. Асосий ўзгаришлардан бири ресурслардан фойдаланиш бўйича ягона тариф тизимининг жорий этилишидир, дея таъкидлайди 24.kg нашри.
Журналистлар ушбу тузатишни шарҳлар экан, агар ҳозирда қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш кўпинча бепул амалга оширилаётган бўлса, ўзгартиришлар кучга киргандан сўнг ҳамма сувдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаши кераклигини таъкидлашмоқда. Бу ерда истисно ёнғинларни ўчириш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ҳолатлари бўлади. Қайд этилишича, ягона тариф тизими ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади ва давлат зиммасига тушадиган молиявий юкни камайтиради.
Ислоҳот сув объектларини бошқариш ва муҳофаза қилишга таъсир қилди. Хусусан, ирригация иншоотлари давлат мулкига айланади. Мамлакат расмийларига кўра, бу тартиб суғоришнинг барқарорлигини ва сувдан фойдаланувчилардан тўловларнинг адолатли ундирилишини таъминлайди.
Янги кодексда илк бор «сув объекти» ва «сув хўжалиги объекти» тушунчалари батафсил баён этилган, шунингдек, сув ҳудудларини муҳофаза қилиш бўйича аниқ талаблар белгиланган. Масалан, каналлар ва дренаж тизимлари бўйлаб экологик хавф ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган бинолар қуриш, дарахт кўчатлари экиш тақиқланади.
Бундан ташқари, ҳужжат трансчегаравий сув масалалари бўйича қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларни тартибга солади. Таъкидланишича, Қирғизистон ўз ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳақ олиш ҳуқуқини таъминлаган. Шу билан бирга, сувдан биргаликда фойдаланишни назорат қилиш халқаро шартномалар доирасида амалга оширилади.
Кодекс, шунингдек, тегишли давлат реестрини яратиш орқали ҳовуз ва сув хўжалигини қонунийлаштиришни ҳам назарда тутади. Мазкур чора республикада балиқчиликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Президент матбуот хизмати таъкидлашича, Сув кодексини қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар ер усти ва ер ости сув ресурсларини, шунингдек, мамлакат сув фонди ерларини бошқариш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунларни ўз ичига қамраб олишдан иборат.
Сув кодекси расмий эълон қилинганидан олти ой ўтгач, яъни 2026 йил бошидан кучга киради.