Қирғизистон ҳукумати қўшни Ўзбекистон ҳукумати томонидан республикага берилган иккита ер участкасини давлат мулкига қабул қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Тегишли ҳужжат етти кундан кейин кучга киради, деб ёзади 24.kg.
Вазирлар Маҳкамаси 2022 йил 3 ноябрда имзоланган Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни амалга ошириш доирасида шундай қарор қабул қилди.
Бунда гап чегарадош Ўш вилоятидаги иккита участка ҳақида кетмоқда. Улардан биринчиси, 100 гектар майдонга эга, Қора-Сув туманида № 312/4 ва 312/6 чегара пунктлари оралиғида жойлашган. Иккинчиси 200 гектарга яқин майдонга эга, Аравон туманидаги 324 ва 328-сонли пунктлар оралиғида жойлашган.
Қирғизистон ҳукумати қарорига кўра, Ер ресурслари, кадастр, геодезия ва картография агентлиги мамлакат президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили билан биргаликда бир ой муддатда ушбу объектларни инвентаризациядан ўтказиб, давлат рўйхатига киритиши керак.
Қора-сув ва Аравон туманлари ҳокимликларига ушбу ер участкаларини тегишли равишда Қора-сув ва Керме-Тоо қишлоқ туманларига бепул бериш, шунингдек, ресурслардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш топширилди. Фармоннинг мазкур бандлари маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади.
Мутахассисларга давлат чегарасини белгилаш жараёни якунланганидан сўнг янги маъмурий чегаралар харитасини тайёрлаш ва ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш топширилди.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2023 йил бошида Қирғизистон ва Ўзбекистон умумий давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини расман якунлаган эди. 27 январь куни икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров тегишли шартноманинг ратификация ёрлиқлари билан алмашган эди.
ℹ️ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги шартномада умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, жумладан, қўшма чегаранинг 35 та участкаси белгиланган. Ўзбекистон Андижон/Кампиробод сув омборидан 4957 гектар ва тўғонга техник хизмат кўрсатиш ва қўриқлаш учун қўшимча 19,5 гектар майдонни олди. Қирғизистон Андижон сув омборининг чап қирғоғида қурилмаган Кампиробод канали учун компенсация сифатида 1019 гектар яйлов ва «Ғовасой» участкасидан 12849 гектар ер олди.