Қирғизистон хавфсизлик хизмати ходимлари Қора-Болта мэрини фирибгарликда гумон қилмоқда

sputnik.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Қора-Болта шаҳар мэри Мирлан Жекшеновни автобуслар сотиб олишда фирибгарликда гумон қилиб, қўлга олишганини тушунтирди. Амалдор ҳаракатларидан кўрилган зарар 17 миллион сомдан ортиқ (тахминан 195 минг доллар) суммани ташкил этади, деб ёзади Kaktus.media махсус хизматга таяниб.

Ҳуқуқ-тартибот идораси маълумотларига кўра, муниципалитет ходимлари Хитойда ишлаб чиқарилган 17 та автобусни қиммат нархларда сотиб олишган ва бунинг натижасида улар 17 миллион сомга яқин фойда кўришган.

Қора-Болта шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда автотранспорт воситалари ва махсус техника етказиб бериш бўйича битимларга алоқадор пудратчи компаниялар раҳбарларига нисбатан коррупция бўйича жиноят иши қўзғатилган.

МХДҚ маълум қилишича, 30 июнь куни Жекшенов ва «Йўл қурилиш бошқармаси» коммунал корхонаси раҳбари С.Ш. ушланиб, республика махсус хизматининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Бундан ташқари, хавфсизлик хизмати томонидан ҳокимликка ажратилган 1 миллиард сом (тахминан 11,5 миллион доллар) маблағнинг сарфланиши юзасидан текширув бошланган.

Шу билан бирга, Давлат қўмитаси қўшимча қилишича, йўлларни таъмирлаш билан шуғулланувчи пудратчи ташкилотлардан бирининг раҳбари МХДҚни «коррупцион схемаларни йўқ қилиш»даги фаолиятини обрўсизлантиришга уринган. Бунинг учун тадбиркор пул эвазига махсус хизмат ходимлари ҳақида провокацион материалларни интернетда чоп этиш мақсадида «нопок блогерлар»ни ёллаган. Хавфсизлик хизмати ходимларини шантаж қилиш ҳолатлари ҳам аниқланган.

Гумонланувчилар қўлга олинган. Бундан ташқари, Бишкекнинг Первомайский туман суди «Плаза» компанияси раҳбари ва у томонидан ёлланган уч блогерни тергов давомида ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган. Бу фуқароларнинг барчаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилган.

Бу бир ҳафта ичида шаҳар ҳокимининг жиноят иши бўйича айбланувчига айланган иккинчи ҳолатдир. 24 июнь куни Тўқмоқ шаҳри раҳбари Мақсат Нусувалиев қўлга олинган эди. Қолаверса, у махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев раислигида ўтказилган йиғилишда қўлга олинган.

Шундан сўнг Қирғизистон президенти Садир Жапаров мансабдор шахслар фаолияти кенг қамровлили текширилишини эълон қилди. Давлат раҳбари маблағларнинг ноқонуний ўзлаштирилишига мисол тариқасида ҳар бирига 1 миллиард сомдан ажратилган Тўқмоқ ва Қора-Болтани келтирди. Жапаров бундай пул эвазига бу аҳоли пунктларини обод шаҳарга айлантириш мумкинлигини, афсуски, маҳаллий раҳбарлар ва пудратчилар коррупция ботқоғига ботиб кетганидан шикоят қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ