Қозоғистонлик вундеркинд Марказий Осиё чемпионатларидаги энг қиммат футболчига айланди

Дастан Сатпаев. sports.kz сайти фотосурати

Ҳуқуқлари Лондоннинг «Челси» клубига тегишли бўлган Олмаотанинг «Қайрат» ва Қозоғистон терма жамоасининг 16 ёшли ҳужумчиси Дастан Сатпаев Марказий Осиёнинг бешта давлати чемпионатларида тўп сураётган энг қиммат футболчига айланди.

Transfermarkt маълумотларининг сўнгги янгиланишида Сатпаевнинг қиймати 500 минг евродан 1,8 миллион еврога кўтарилган. Сабаби, футболчи 16 ёшида Қозоғистон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлиб, терма жамоада дебют қилишга улгурган.

Бунгача минтақанинг энг қиммат футболчиси Ўзбекистоннинг «Насаф» клуби дарвозабони Абдувоҳид Неъматов (1,5 миллион евро) бўлганди. Уни яқинда жамоадоши Акмал Мозговой етиб олди, унинг нархи 1,2 миллиондан 1,5 миллион еврога кўтарилди. Аммо энди етакчи ўзгарди.

Тожикистон чемпионатида энг қиммат футболчи «Истиқлол» ярим ҳимоячиси Алишер Жалилов бўлиб қолмоқда — бунда нарх 700 минг евродан 500 минг еврога тушганига қарамай.

Қирғизистонда энг қиммат футболчи «Абдиш-Ата» ҳимоячиси Кристиан Браузман (450 минг евро).

Туркманистонда бир неча футболчи 200 минг еврога баҳоланмоқда — Селим Нурмуродов («Олтин Асир»), Мекан Сапаров («Аркадаг») ва Олтимурод Аннадурдиев («Аркадаг»).

Дастан Сатпаев — «Қайрат»да тарбия олган. У ушбу клубнинг асосий жамоасида 15 ёшида Лига кубоги баҳсида дебют қилган. Жорий мавсумда у «Қайрат» сафида барча турнирларда 16 та ўйин ўтказиб, 9 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Қозоғистон U-17 терма жамоаси сардори. Бу йил у U-20 ёшлар терма жамоаси ва миллий терма жамоадаги дебютини ўтказди. 3 та ўйинда ишгтирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ