Қирғизистон ҳукумати миграция қоидаларини бузган меҳмонларнинг ватанига қайтишига ёрдам беради. Республика Вазирлар Маҳкамаси яшаш тартибини бузган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатда бўлиши ва ундан чиқиб кетишини тартибга солувчи тегишли қарорга ўзгартиришлар киритди, деб ёзади 24.kg.
Ўзгартиришларга кўра, миграция қоидаларини бузганлар Қирғизистонни ихтиёрий равишда тарк этиш имкониятига эга бўлади. Шу мақсадда ИИВ ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси назоратида ноқонуний мигрантлар учун махсус вақтинчалик жойлаштириш пунктлари ташкил этилган, у ерда ҳужжатларни текширилади, одамлар тиббий кўрикдан ўтказилади ва зарур маълумотлар тўпланади. Бундай пунктларда бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги керак.
Қайтиш чиптаси ва республикадан ташқарига жўнаб кетиш ҳаражатлари мигрантнинг ўзи ёки уни таклиф қилган ташкилот томонидан қопланади. Агар пул бўлмаса, давлат тегишли харажатларни қоплайди ва Ташқи ишлар вазирлиги қўшимча тўловларсиз чиқиш визаларини расмийлаштиради.
2025 йил 1 январдан Қирғизистон президентининг «Миграция жараёнларини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони кучга кирди. E-VISA портали орқали ягона рухсатномалар жорий этилди, таклиф қилувчи томоннинг жавобгарлиги, жарималар миқдори оширилди. Масалан, бир йилдан ортиқ муддатга чет эллик 20 минг сом (229 доллар), юридик шахс 30 минг (343 доллар)гача тўлаши керак бўлади.
Фармон доирасида рухсатномалар бериш ваколати Ташқи ишлар вазирлигига ўтказилди, идоралараро комиссия тугатилди, E-VISA электрон портали орқали «ягона дарча» тамойили жорий этилди. Ноқонуний мигрантларни депортация қилиш учун республика бюджетидан қўшимча 280 миллион сом (3,2 миллион доллар) ажратилди.