Афғонистонда ҳокимиятни бошқараётган «Толибон»* ҳаракатининг «ахлоқ полицияси» 40 ёшгача бўлган аёлларга Ўзбекистон ҳудудидаги чегара зонасида жойлашган «Термиз» халқаро бозорига боришни тақиқлади. Бу ҳақда Amu.tv нашри тадбиркорларга таяниб хабар берди.
Ишбилармонларнинг фикрича, бу чеклов мижозлар оқимини кескин камайтирган ва трансчегаравий иқтисодий фаолиятни издан чиқарган.
«Илгари мижозларимизнинг асосий қисмини оилалар, жумладан, аёллар ташкил қиларди. Энди ёш аёлларга кўчага чиқиш тақиқлангани сабабли, савдоларимиз кескин камайди», — деб шикоят қилади афғон савдогари.
Илгари Термизга иш ёки харид қилиш мақсадида борган оилалар энди бундай сафарга чиқишлари даргумон, дейди.
Толибларнинг ўзи бу чекловга изоҳ бермаган.
Нашр таъкидлашича, фармон «Толибон» ҳаракатининг ижтимоий чекловларни, айниқса, аёлларнинг жамоат ва иқтисодий ҳаётдаги иштирокини камайтиришга қаратилган кенг кўламли сиёсатининг бир қисмидир.
ℹ️ 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар аёллар ҳуқуқларини мунтазам чеклай бошлашди, гарчи улар 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган ҳукмронлигининг биринчи даврига қараганда кўпроқ вазмин бўлишга ваъда беришган бўлсаларда.
Аммо тез орада радикал ҳаракат аксарият қизларнинг мактабга боришини тақиқлади ва давлат хизматида ишлайдиган аёллар учун чекловлар жорий этди. Хотин-қизлар масалалари вазирлиги тугатилди. Унинг ўрнига толиблар Исломий қадриятларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигини ташкил этди.
ℹ️ Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасида жойлашган «Термиз» халқаро савдо маркази 2022 йил декабрь ойида очилган. Марказда тўрт мингта дўкон, тиббиёт пункти, ресторан, ишлаб чиқариш ва логистика зоналари мавжуд. Афғонистон фуқаролари ушбу марказга визасиз ташриф буюришлари мумкин ва у ерда ҳеч қандай махсус ҳужжатларсиз ўн кун қолишлари мумкин.
*«Толибон» ҳаракати бир қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.