
Ўзбекистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирликлари Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани муносабати билан баёнот берди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти одамлар орасида қурбонлар келтириб чиқарганидан жиддий хавотир билдирди.
«Барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.
ТИВ минтақада кенг кўламли қарама-қаршиликка олиб келиши мумкин бўлган вазиятнинг янада кучайиши хавфини қайд этди. Ўзбекистон минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ва можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдиради, дея таъкидлайди вазирлик.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётганидан ўта хавотир билдирди. Бишкек ҳар икки томонни вазиятни кескинлаштириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга ва можарога тинч йўл билан ечим топиш учун максимал даражада вазминлик кўрсатишга чақиради.
ℹ️ 13 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрондаги ўнлаб нишонларга, жумладан, ядровий инфратузилма объектлари, ракета базалари ва ҳарбий қўмондонлик пунктларига кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширди. «Уйғонган шер» деб номланган операция Эроннинг ядровий қурол яратишини олдини олишга қаратилган. Зарбалар Теҳрон ва бошқа шаҳарларни ларзага келтирди, юқори мартабали ҳарбий амалдорлар яшайдиган турар-жой биноларини вайрон қилган, ядровий иншоотлар, жумладан Натанздаги ер ости марказига зарар етказган.
Исроил армияси маълумотларига кўра, операцияда Эроннинг бир неча муҳим ҳарбий етакчилари, жумладан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий ва Эрон бош штаб бошлиғи Муҳаммад Бағирий ҳалок бўлган. Эрон баъзи қўмондонларнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими юқори шай ҳолатга келтирилганини айтди.
Исроил зарбаларига жавобан Эрон юзлаб дрон ва ракеталарни учирди, уларнинг аксарияти Исроил ҳаво мудофааси томонидан яксон қилинди. Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, ҳаво ҳудудини ёпди ва резервчиларни сафарбар қила бошлади.
Марказий Осиё давлатларининг элчихоналари Исроил ва Эрондаги ватандошларини хавфсизлик чораларига риоя қилишга, сигнал берилганда зудлик билан бомба бошпаналарига паноҳ топишга, расмий маълумотларни кузатишга, ўзи билан бирга шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда дипломатик ваколатхоналарнинг алоқа маълумотларини олиб юришга чақирди.