Ашхобод ҳокимлиги халқ орасида «Туркман Диснейленди» номи билан машҳур «Туркманбоши эртаклар олами» аттракционини бузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Turkmen.news хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бир неча кун аввал Ашхобод ҳокимлиги вакиллари боғ ҳудудидаги аттракционлар операторлари, кафе ва бошқа тадбиркорлик субъектларини кўнгилочар иншоот бузилиши ҳақида хабардор қилган. Бундай ҳолларда одатда Туркманистон расмийлари бу каби қарорлар учун расмий хабар ва асослар келтирмайди.
Туркманистондаги 33 гектар майдондан иборат энг йирик истироҳат боғи 2006 йили Ашхободда очилган. Лойиҳа ташаббускори мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов (Туркманбоши) бўлган. Қурилиш давлат бюджетига 50 миллион долларга тушган.
Вақт ўтиши билан аттракционлар ва парк ёмон аҳволга туша бошлаган ва бу ҳолат ташриф буюрувчилар хавфсизлигига хавф туғдира бошлаган. 2021 йилда боғ ким ошди савдосида сотилган, янги эгалар боғни қисман реконструкция қилишган. Дам олувчилар оқими кўпайган, аммо объектлар ҳолатига оид шикоятлар камаймаган ва бунга ташрифчиларни чув тушираётган виждонсиз ходимлар устидан танқидлар қўшилган. Шунга қарамай, Turkmen.news хабар беришича, боғнинг янги эгалари бошқарувида ишлаши республика собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг баъзи қариндошларининг «рашкини келтирган». Улар ҳокимиятга мажмуани қайта миллийлаштириш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини таклиф қила бошлаганлар, аммо бу сафар давлат маблағлари ҳисобидан.
«Эртаклар олами» паркининг режалари аниқ маълум эмас. Эҳтимол, уни миллийлаштириб, қолдиришлари мумкин ёки уни йўқ қилиб, ҳудудни қимматбаҳо қурилишлар учун беришлари мумкин.
Туркманистон ҳукумати кўпинча турар-жой, савдо ва дам олиш объектларини вайрон қилади, баъзан эса қайта қуриш учун тарихий обидалар ва яшил майдонлардан ҳам халос бўлади. Масалан, юқоридан келган қарор билан ВДНХ боғи (ҳозирги «Мустақилликнинг 15 йиллиги» майдони) атрофидаги дўкон ва кафелар бузилган, ҳудуддаги дарахтларнинг 90 фоизи кесиб ташланган. «Иккинчи истироҳат боғи» (ҳозирги «Тошкент») қисмати ҳам худди шундай якунланган.