Қозоғистон Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан 15 мингга яқин киши амнистияга тушади

pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистонда Конституциянинг 30 йиллиги муносабати билан 15 мингга яқин одамни қамраб оладиган амнистия акти ўтказилади. Тегишли қонун республика Мажилиси (парламент қуйи палатаси) ялпи мажлисида қабул қилинди, деб ёзади Vlast.kz.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган 6 минг маҳкум ва пробация хизматида рўйхатга олинган 9 минг нафар шахс амнистияга тушади, жами 15 минг киши қамраб олинади. Жазони ўташ муассасаларидан 632 нафарга яқин шахс, шунингдек, пробация хизматида ҳисобда турган 3,5 минг нафар, жами 4,1 минг нафар маҳкум озод этилади», — деди депутат Абзал Куспан йиғилишда

Қонунга кўра, амнистия жиноий ҳуқуқбузарлик ёки енгил жиноят содир этган, ўртача оғирликдаги жиноятлар, агар зарар етказилмаган ёки тўлиқ қопланган бўлса, шунингдек, ўртача оғирликдаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Депутатлар таклифига кўра, жиноий жазонининг сўнгги йилини ўтказаётган 1,7 мингдан ортиқ маҳкум озодликка чиқарилади.

Бундан ташқари, қонун кучга киргунга қадар содир этилган кичик ва ўртача оғирликдаги жиноятлар бўйича жиноят ишларини суд ҳали қарор чиқармаган бўлса тугатиш таклиф қилинади.

Депутатлар таклиф этилаётган амнистияга тааллуқли бўлмаган шахсларни алоҳида муҳокама қилганлар. Улар орасида коррупцияда айбланиб судланганлар, шунингдек, маст ҳолатда транспорт бошқариши оқибатида бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлган ҳайдовчилар ҳам бор. Шунингдек, гиёҳванд моддаларни сақлаш учун судланганлар амнистияга тушмайди.

Қозоғистонда 30 августда Конституция куни нишонланади. Мажилис бир ҳафта аввал амнистия тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Тахминларга кўра, бунинг ҳисобига ҳукумат йилига қарийб 5 миллиард тенге (9,7 миллион доллар)ни оптималлаштиришга эришади ва бу маблағни жазони ижро этиш тизимини молиялаштириш, шунингдек, халқаро ҳуқуқий меъёрларни амалга ошириш, жумладан, камерали типдаги қамоқхоналарга ўтишга йўналтириши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ