Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия билан «виза режими» жорий этилганини инкор этди

tass.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларини ибораларни синчковлик билан танлашга ва Россия Федерациясидаги янги миграция қоидалари туфайли Қозоғистон ва Россия ўртасида виза режими жорий этилгани ҳақидаги хабарлар билан фуқароларни чалғитмасликка чақирди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров брифингда маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Таъкидлаш жоиз, баъзи ОАВ кўплаб мамлакатларда мавжуд бўлган ушбу оддий миграция талабларидан фойдаланади, масалан, биз баъзи миграция талабларини киритмоқдамиз, Жанубий Корея уларни киритмоқда, махсус рухсатномалар бор, негадир сарлавҳаларида Россия визали режим жорий қилмоқда, деган [иборани] ишлатмоқда. Шунинг учун, ҳамкасблар, нотўғри сарлавҳалар билан аҳолини чалғитманг», — деди у.

Смадияровнинг таъкидлашича, гап фақат «чегарани кесиб ўтиш учун қўйиладиган талаблар» ҳақида кетмоқда. «Худди шундай, Европа чегараларини кесиб ўтаётганда, бизнинг чегарамизда мамлакатимизга ташриф буюрувчиларнинг биометрик маълумотлари олинади. Бу нормал ҳолат, лекин негадир уни контекстдан юлиб олиб, бутунлай бошқача тус беришади», — дейди у.

ТИВ вакили Россияга бормоқчи фуқароларга янги қоидалар билан олдиндан танишиб чиқишни тавсия қилади. Шу билан бирга, у Қозоғистонда жавоб чораларини жорий этиш имкониятлари ўрганилаётганини қўшимча қилди, деб ёзади Zakon.kz.

«Биз бу масалани жуда синчковлик билан ўрганяпмиз. Бунинг учун давлат идораларимиз билан маслаҳатлашиш зарур, шунинг учун кейинроқ батафсил айтиб бераман», — деди Айбек Смадияров.

2025 йил 30 июндан бошлаб чет эл фуқаролари Россияга киришда, исталган назорат-ўтказиш пункти орқали чегарани кесиб ўтишда бармоқ излари ва юз тасвирини тақдим этишлари керак бўлади. Тегишли норма ҳукумат қарорида мустаҳкамланган. Ўзгартиришлар Беларусь фуқароларига, олти ёшгача бўлган болаларга, Россияда аккредитациядан ўтган дипломатлар ва халқаро ташкилотлар ходимларига, шунингдек уларнинг оила аъзоларига таъсир қилмайди. Бундан ташқари, 30 июндан бошлаб, саёҳатдан 72 соат олдин чет элликлар Россияга режалаштирилган кириш электрон аризасини тўлдиришлари керак. Буни «Госуслуги RuID» иловаси орқали амалга ошириш лозим. Фавқулодда вазиятларда (масалан, яқин қариндоши касал бўлган ёки вафот этган тақдирда) аризани қисқароқ муддатда — келишидан тўрт соат олдин топширишга рухсат берилади.

Тегишли тажриба ўтган йил декабрь ойида бошланган.

ℹ️ Чет элликлар учун мажбурий биометрик маълумотлар жорий этилиши Россияда миграция қонунчилигини кучайтиришга қаратилган умумий тенденциянинг бир қисмидир. Илгари хорижликлар учун сим-карталар сонини чекловчи ва миграция режимини бузганлар учун «махсус чиқариб юбориш» режимини жорий қилувчи қонунлар қабул қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ