Mercy Corps нодавлат ташкилоти экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб Кобул бутунлай сувсиз қолган дунёдаги биринчи шаҳарга айланиши мумкин. Олимларнинг фикрича, инқироз Афғонистон пойтахтининг етти миллион аҳолиси ҳаётига таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри экспертлар ҳисоботига асосланиб хабар берди.
Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, сўнгги 10 йил ичида Кобул сувли қатламларида сув сатҳи 30 метрга пасайган. Фаол урбанизация ва иқлим ўзгариши бу жараённи янада тезлаштирган.
Айни пайтда пойтахтнинг асосий ичимлик суви манбаи бўлган қудуқларнинг деярли ярми қуриб битган. Ҳозирда сув истеъмоли унинг табиий тўлдирилиши кўрсаткичидан йилига 44 миллион куб метрга ошади. Вазиятни ер ости сувларининг 80 фоизи хавфли деб ҳисобланиши — унда шўрланиш ва маргимуш мавжудлиги янада оғирлаштиради.
«Агар тенденция шундай давом этаверса, 2030 йилга бориб Кобулнинг сувли қатламлари қуриб битади», — дейди олимлар.
Mercy Corps Afghanistan директори Дейн Карри халқаро ҳамжамиятни муаммога эътибор қаратишга ва инқирозни бартараф этиш учун чора кўришга чақиради, акс ҳолда вазият афғон халқини янада улкан қийинчиликларга олиб келади.
Журналистларнинг қайд этишича, пойтахтдаги айрим хонадонлар даромадининг 30 фоизини сувга сарфлайди ва кўплаб оилалар шу сабабли жиддий қарздорликка учраган. Кобуллик Назифа исмли аёлнинг айтишича, инқироз қудуқлар қазиб, ердан сотилган сувни ошириб юборилган нархларда сотаётган бир қатор хусусий компанияларга қўл келмоқда. Унинг сўзларига кўра, шаҳар аҳолиси ҳар 10 кунда ўз канистрларини юк машиналари олиб келадиган сувга тўлдириш учун 500 афғони пул тўлар эди. Ҳозирда бу хизмат 1000 афғони туради. Аҳоли оби ҳаёт нархи янада ошишидан хавотирда.
«Сув — Афғонистоннинг инсон ҳуқуқи ва табиий бойлигидир. Бу сиёсий масала эмас. Боғдаги гуллар ва мевали дарахтларнинг ҳаммаси қуриб кетаётганини кўриб юрагим қонга ботади. Лекин нимаям қила оламиз? Ҳозир ҳарбий давлатда яшаяпмиз, шунинг учун муаммо ҳақида ҳукуматга арз қилолмаймиз», — дейди Назифа.
Таъкидланишича, БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Афғонистонда сув таъминоти ва канализация дастурларини амалга ошириш учун 8,4 миллион доллар ажратган. Аммо бу етарли эмас, чунки «Толибон»* ҳокимият тепасига келгач, халқаро ташкилотлар маблағларининг бир қисми музлатиб қўйилган ва президент Дональд Трамп қарори билан Қўшма Штатлари USAID орқали ёрдам беришни амалда тўхтатган.
Панжшир дарёсидан қувурлар орқали сув келтирилиши Кобул аҳолисининг ер ости сувларига қарамлигини камайтириши мумкин, аммо айни дамда расмийлар лойиҳани амалга ошириш учун инвестор қидиришмоқда. Унинг қиймати 170 миллион долларга баҳоланмоқда. Бироқ, экспертларнинг фикрича, зудлик билан чора кўриш керак, чунки Афғонистон пойтахтида сув муаммоси шиддат билан кучаймоқда.
*«Толибон» ҳаракати бир қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.