Қирғизистонда мамлакатдаги биринчи шамол электр станцияси қурилиши бошланди

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистондаги Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи шаҳри яқинидаги участкада қурувчилар бўлажак шамол электр станцияси (ШЭС) пойдеворини қуйишди, бу мамлакатда биринчи ана шундай иншоот бўлади. Бу ҳақда республика Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлигига таяниб, 24.kg нашри хабар берди.

Вазирлик раҳбари Бахит Тўробаев ШЭС қурилиши бўйича ишлар бошланганини ҳақиқий ўзгаришлар бошланишининг рамзи деб атади.

«Қирғизистонда шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича биринчи марта сўздан амалий ишга ўтилди», — дея тушунтирди вазир.

Мазкур иншоот «Метрум ТЭК» компанияси томонидан қурилмоқда, лойиҳа Балиқчи шаҳри яқинидаги «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилмоқда. Режаларга кўра, 1 мегаватт қувватга эга биринчи шамол генератори жорий йил август ойида ишга туширилади.

Ҳаммаси бўлиб қурилишнинг икки босқичи режалаштирилган. Биринчи босқичда 21 турбина ўрнатилади. Агрегатларнинг умумий қуввати 50 МВтни ташкил қилади. Кейин бу ерда худди шундай умумий қувватга эга яна 20 та турбиналар пайдо бўлади. Шунга кўра, шамол электр станцияси 100 мегаватт қувватга мўлжалланган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, объект ишга туширилгач, йилига 250 миллион киловатт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имконига эга бўлади, бу бутун ҳудудни барқарор электр энергияси билан таъминлаш ва мавжуд энергетика объектлари юкламасини камайтириш имконини беради. Бундан ташқари, шамол электр станциясини қуриш ва таъмирлаш жараёнида 50 тагача иш ўрни яратилади.

Қирғизистон бир неча йиллардан бери энергия ресурслари танқислигини бошдан кечирмоқда. Жумладан, 2023 йили республика Энергетика вазири Таалайбек Ибраев ўша йил учун прогнозларга кўра, электр энергияси тақчиллиги 3,2 миллиард киловатт/соатга баҳоланганини маълум қилганди. Расмийга кўра, мамлакатда 400 мегаватт қувват етишмайди. Ҳукумат Россия ва Марказий Осиё давлатларидан электр энергиясини импорт қилиш орқали муаммони ҳал қилишни мақсад қилган. Бу борада Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан тегишли шартномалар тузилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ