Буюк Британия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш истагини қўллаб-қувватлади

Азизбек Урунов ижтимоий тармоғидаги фотосурат

Буюк Британия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш истагини қўллаб-қувватлади. Бу мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама музокаралар натижалари, деб хабар берди LinkedIn ижтимоий тармоғида (РФда блокланган) республика президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов.

Расмийга кўра, Британия ҳукумати вакиллари билан учрашув апрель ойи охирида Лондонда бўлиб ўтган. Ўшандан бери томонлар ички тартиб-қоидалар бўйича келишиб олганлар, шундан сўнг музокаралар якунланган деб ҳисобланиши лозим. Уруновнинг аниқлик киритишича, тегишли баённома имзолаш маросими 12 июнь куни Женевада ишчи гуруҳнинг ўнинчи йиғилишида бўлиб ўтади.

Шундай қилиб, Буюк Британия Ўзбекистон билан Марказий Осиё республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни якунлаган 24-давлат бўлди. Урунов бу ҳақда аввалроқ мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга хабар берганини ёзади.

«Фурсатдан фойдаланиб, Британия томонига аъзо бўлишимизни қатъий қўллаб-қувватлагани учун, шунингдек, Ўзбекистоннинг музокаралар олиб бораётган гуруҳига тинимсиз меҳнати учун ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчиман. Икки томонлама музокараларни тўлиқ якунлаш учун ЖСТга аъзо яна бир неча давлат қолди», — дея хулоса қилади расмий.

Май ойи ўрталарида Мирзиёев тегишли идораларга мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш бўйича топшириқ бергани хабар қилинганди. Хусусан, 15 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, бир қатор қонунларнинг янги таҳририни тасдиқлаш бўйича. Бундан ташқари, давлат раҳбари таъкидлашича, мутасаддиларга жорий йил охиригача ҳали учрашувлар ўтказилмаган ЖСТга аъзо 9 та давлат вакиллари билан икки томонлама музокараларни якунлаш вазифаси юклатилган.

ℹ️ Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йили ариза берган ва 2005 йил октабрида — Андижон воқеаларидан сўнг жараён тўхтатилгунга қадар ишчи гуруҳнинг учта йиғилиши ўтказилган. Республика ҳокимият органлари ўз қонунчилигини ташкилот талабларига мувофиқлаштиришни давом эттирди ва 2017 йили унга қўшилиш бўйича ишларни қайта тиклади.

ℹ️ ЖСТ — глобал халқаро тузилма бўлиб, мамлакатлар ўртасидаги савдо қоидаларини тартибга солади. Шартномалар унинг аъзоларига маълум савдо ҳуқуқларини кафолатлайдиган келишувларга асосланади. Ташкилотга қўшилиш хорижий ҳамкорлар учун савдо тўсиқларини камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг протекционизмидан воз кечишини ўз ичига олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ