БМТ: Афғонистон ватанга қайтаётган миллионлаб қочқинлар муаммосини ҳал қила олмаяпти

bloomberg.com сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Афғонистоннинг ватанга қайтаётган ва сони ортиб бораётган қочқинлар муаммосини уддалай олмаслигидан хавотир билдирди. Бунга гуманитар вазиятнинг ёмонлашгани сабаб бўлмоқда, деб хабар беради Khaama.

БМТнинг қайд этишича, сўнгги бир неча йил ичида қўшни давлатлар, жумладан Эрон ва Покистондан Афғонистонга 3 миллиондан ортиқ қочқин қайтган. Мамлакатда ресурслар етишмайди. Инқироз халқаро ёрдамнинг сезиларли даражада қисқариши, иқтисодий беқарорлик ва табиий офатлар туфайли янада кучаймоқда.

«БМТ маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолисининг деярли ярми гуманитар ёрдамга муҳтож, шу билан бирга озиқ-овқат хавфсизлиги ва тўйиб овқатланмаслик даражаси хавотирли даражада юқорилигича қолмоқда. Вазият Афғонистон халқига халқаро ёрдам ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда», — дейди ташкилот.

Ҳозиргача бу йилги гуманитар ишлар учун зарур бўлган 216 миллион долларнинг атиги 25 фоизи йиғилган. Тақчиллик БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг аҳолининг заиф қатламларига муҳим хизматларни тақдим этиш қобилиятига таҳдид солади. Ташкилот зудлик билан қочқинлар учун 71 миллион доллар сўрайди ва доимий ёрдам кўрсатилмаса, Афғонистондаги вазият янада ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Мазкур муаммолардан келиб чиққан ҳолда, БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги қўшни давлатларни афғон репатриантларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва уларнинг хавфсиз, ихтиёрий ва муносиб равишда ватанига қайтишларига ёрдам беришга чақиради. Агентлик уйига қайтган одамларни хавф остига қўймасликка чақиради.

Жорий йил апрель ойи бошида АҚШ ҳукумати Жаҳон озиқ-овқат дастури лойиҳалари доирасида учун Афғонистонга молиявий ёрдам беришни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. Бундай қарорга маблағлар муҳтожларга манзилли етиб бормай, толиблар* томонидан ўз мақсадлари учун фойдаланилаётгани ҳақидаги хавотирлар таъсир кўрсатган. Хусусан, улар террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади. Май ойининг ўрталарида Америка маъмурияти Афғонистон фуқаролари учун вақтинча ҳимоя мақоми (Temporary Protected Status, TPS) тўхтатилганини эълон қилди. 20 май куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио афғонларнинг АҚШга кўчирилиши бекор қилинмаганини, фақат қўшимча текширувлар кутилгунга қадар кечиктирилганини айтди. Рубионинг таъкидлашича, расмийлар ҳали ҳам афғонлардан кимларга АҚШга киришга рухсат берилишини аниқлашмоқда.

*21 май ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ